Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:18

Тожик билан ўзбекнинг нархи қирғизникидан “арзон”ми?


27 ноябрь куни ўзбекистонлик, тожикистонлик ва қирғизистонлик 500 дан ортиқ фуқаро Олмаота шаҳридан чиқариб юборилди. Маълумотларга кўра, уларнинг асосий қисми ўзбекистонликдир.

Умуман, полиция вакилларининг айтишича, Қозоғистондан чиқариб юборилаётган муҳожирларнинг энг кўпи Ўзбекистон фуқаролари ҳисобланади.

Бир қарашда Олмаота шаҳри полицияси амалга оширган тадбирнинг ҳеч қандай ғайритабиий, боз устига, ғайриқонуний жиҳати кўринмайди.

Бироқ масалага чуқурроқ ёндашилса, бири-биридан қонунийроқ бўлган саволлар пайдо бўла бошлайди.

Қозоғистонлик таҳлилчи Эрмурод Бапийнинг сўзларига кўра, бўлиб ўтадиган президент сайлови олдидан мамлакат раҳбариятининг сиркаси сув кўтармай турибди.

“Уларнинг асаби жуда бузилган, сайлов олдидан Нурсултон Назарбоевнинг рейтинги анча тушиб кетганини турли ижтимоий тадқиқотлар кўрсатиб турибди. Шунинг учун ҳам амалга оширилган чорани турли чиқишларнинг олдини олиш мақсадида қилинган иш ўлароқ тушуниш мумкин. Айниқса, инқилоб қилиш тажрибаси бор қирғизистонликларнинг бу ерда бўлиши Қозоғистон раҳбариятининг мақсадига мувофиқ эмас”, - дейди Э.Бапий.

Қозоғистондан чиқариб юборилган қирғизистонлик бир аёлнинг билдиришича, унинг ҳужжатлари жойида бўлган, қонун доирасидан чиқмаган. Ҳатто полиция рўйхатидан ҳам ўтган.

Минтақа мамлакатлари раҳбарияти ўз халқлари номидан бир-бири билан абадий дўстлик тўғрисидаги битимлардан тортиб, бошқа бир қанча, шу жумладан, турли ташкилотлар доирасида кўп томонлама шартномалар имзолаган. Наҳотки бу ҳужжатларнинг биронтаси ҳам қора қозонини қайнатиш дардида мусофирликнинг қаттиқ нони билан тишини синдириб юрган оддий кишиларни ҳимоя қила олмаса?

Э.Бапийнинг эътирофича, Қозоғистон турли шартномаларни имзолаши, турли қонунлар қабул қилавериши мумкин. Бироқ бу ҳужжатларнинг амал қилиш-қилмаслиги фақат мамлакат президентнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ.

Расмий Тошкент ва Душанбенинг ўз фуқаролари Қозоғистондан чиқариб юборилганига муносабати ҳозирча маълум эмас. Аммо Қирғизистон бу масалага бош вазир ва парламент даражасида муносабат билдирди. Қирғизистон амалдори мигрант ишчилар масаласини ҳал қилиш учун махсус топшириқ билан дарҳол Олмаотага жўнатилди.

Э.Бапийнинг фикрича, Тожикистон ҳам, Ўзбекистон ҳам ўзининг ички муаммолари гирдобига (инсон ҳуқуқлари, ижтимоий-иқтисодий муаммолар назарда тутиляпти) тушиб қолган. Шунинг учун 5-10 ёки 40-50 мигрантнинг муаммосига эътибор беришга уларнинг хоҳиши ҳам, вақти ҳам йўқ.

“Қирғизистонда эса, билишимизча, халқ ҳокимияти амал қиляпти ва биз унинг самарасини кўряпмиз”, - дейди қозоғистонлик таҳлилчи.

Қирғизистон президенти ҳузуридаги Инсон ҳуқуқлари комиссияси раиси ўринбосари Собирбек Муқанбетов Олмаотадан мигрантларнинг қувилгани воқеаси тафсилотларидан тўла таниш эмаслигини айтар экан: “Нима бўлганда ҳам Қозоғистон миграция хизматининг шу пайтгача ўзбек, тожик, қирғиз фуқароларига босим ўтказиб келганидан яхши хабардормиз”, - деди.
XS
SM
MD
LG