Линклар

logo-print

Банк бу сафар ваъдасини бажарди

  • Садриддин Ашур

29 ноябрь куни Ўзбекистон саноат-қурилиш банкининг Самарқанд шаҳри филиали олдида 200 га яқин одам тўпланди. Улар хориждан ўзларига жўнатилган пул маблағларини ҳафталаб ололмаётганидан норозилик билдирди.

Уларнинг сўзларига кўра, Россияда ишлаётган қариндошлари улар номига пул жўнатган. Аммо банк ходимлари бу пулни бермай, уларни бир неча кундан буён сарсон қилмоқда.

Вилоятнинг Булунғур туманидан келган онахон Владивосток шаҳрида ишлаётган ўғли ва қизи жўнатган пулни ололмаётганидан шикоят қилди.

“Пул жўнатганига 10 кун бўлди. Банкка учинчи марта келишим. Булар бизни жуда куйдирди. Ёшим 60 дан ошган. Совуқда шаҳарга келиб кетишнинг ўзи бўлмайди. 167-бўлиб навбатга ёзилдим. Бугун ҳам пул етмайди чоғи. Яна келишимга тўғри келади”, - дейди онахон.

Яна бир аёл банкни қўриқлаётган милиционерлардан шикоят қилди. Унинг айтишича, милиционерлар одамларни туртиб, итариб ташлайди. Жуда қўпол муомала қилади.

“Озодлик” мухбири мавзу юзасидан мурожаат қилганидан сўнг Ўзбекистон саноат-қурилиш банки бошқаруви раиси ўринбосари Татъяна Козлова Самарқанддаги филиалга телефон қилди ва кейин мижозлар уч кундан буён пулини ололмаётганини тасдиқлади. У масалани дарҳол ҳал қилиш тўғрисида топшириқ берди.

Банкнинг хусусий мижозлар билан ишлаш бошқармаси бошлиғи Нурилла Эргашхўжаевнинг “Озодлик” мухбирига билдиришича, сўнгги вақтларда Самарқанд филиалига жисмоний шахслар номига келаётган пул кўчирмалари жуда кўпайгани сабабли уларга тезлик билан хизмат кўрсатишда муаммолар юзага келган.

“Бугун (29 ноябрь) соат 15 га қадар 200 дан ортиқ мижозга 120 минг доллардан кўпроқ нақд пул кўчирмалари тарқатилди. Иш куни охиригача мурожаат қилган барча мижозларга пул кўчирмалари тўлаб берилади. Бунинг учун банк филиали етарли миқдорда хорижий валюта билан таъминланган”, - деди Н.Эргашхўжаев.

Сўнгги маълумотларга кўра, мижозлар милиционерларга зўрлик қилиб, Самарқанд филиали дарвозасидан ичкарига кирган. Филиал раҳбарлари барча маблағ тўлаб берилишини ваъда қилиб, уларни тўхтатиб қолган. Кейин эса бу ваъда бажарилган.
XS
SM
MD
LG