Линклар

logo-print

Россия демократиясидаги дарз


Басира Россиядаги РенТВ телеканали ходимаси, “24” кечки кундалик янгиликлар дастури бошловчиси Ольга Романованинг ўз фаолиятини амалга ошириш учун студияга қўйилмагани мамлакат медиаоламида катта шов-шувга сабаб бўляпти.

Мустақил оммавий ахборот воситаси сифатида танилган бу телеканалда журналистнинг эфирга қўйилмаслигини Россияда сўз эркинлигига тазйиқ сифатида кўраётганлар ҳам бор. РенТВ ўта долзарб мавзуларни ёритиб келади ва ҳатто Ўзбекистонга оид бир неча видеолавҳалари сабабли бу телеканални Ўзбекистонда олиб кўрсатиш чеклаб қўйилган.

“24” янгиликлар дастури Москва вақти билан 23.30 да эфирга берилади. О.Романова ушбу дастурнинг доимий бошловчиси эди. Дастурда долзарб янгиликлардан ташқари энг муҳим воқеалар таҳлили ҳам ўрин оларди.

Маълум бўлишича, О.Романовани эфирдан четлаштириш ҳақида РенТВ бош директори Александр Оржоникидзе буйруқ берган.

О.Романованинг айтишича, сўнгги пайтларда унинг икки лавҳаси эфирга узатилишдан тўхтатилган. Уларнинг биринчида Россия мудофаа вазири Сергей Ивановнинг ўғли автомашинаси билан бир аёлни уриб кетгани, натижада аёл ҳалок бўлгани, аммо тергов иши жиноят таркиби йўқлиги сабабли ҳаракатдан тўхтатилгани ҳақида ҳикоя қилинган эди.

Экстремал журналистика маркази раҳбари Олег Панфиловнинг эътирофича, Россияда мустақил телеканаллар сони тобора камайиб бормоқда. Бу эса 2008 йилги президент сайлови олдидан ҳукуматга номақбул телеканалларнинг овозини ўчириш билан боғлиқ ишларнинг натижасидир.

“Ольга Романова сўнгги пайтда мамлакатдаги сиёсий вазият ҳақида кескинроқ гапирди ва жазоланди. Менимча, ҳукуматда жазава бошланган ва у ҳозир ахборот майдонини тозаламоқда”, - деди О.Панфилов.

Россиядаги Ўнг кучлар иттифоқи етакчиси Никита Белих фикрича, О.Романова билан боғлиқ воқеани одатий ҳол сифатида қабул қилиш керак. Зеро, ҳукуматниннг умумий сиёсати мустақил ОАВни йўқотишга қаратилган ва шу иш амалга оширилмоқда. РенТВ раҳбарлари Россия ҳукумати ва Кремлга боғлиқ бўлиб қолгандан кейин бу телеканал ҳам бошқа давлат телеканалларига ўхшаб қолади.

РенТВ бош директори Александр Оржоникидзе эса О.Романова бошловчилик қилган дастурнинг томошабинни жалб этиши сусайгани ва шу боис, маълум муддатга эфирдан олинганини билдиряпти.

Сўнгги маълумотларга кўра, О.Романова бўлиб ўтган воқеа юзасидан Москва прокуратурасига ариза топширган. Шундан сўнг бир неча кундан буён ортидан кузатув амалга оширилаётганини сезган.

“Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилоти О.Романованинг эфирдан четлатилиши юзасидан ўз хавотирини билдирди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ташкилотнинг жорий йилги ҳисоботида Россия матбуот эркинлиги бўйича 167 давлат ичида 138-ўринга қўйилган.
XS
SM
MD
LG