Линклар

Бир уйсизнинг дарду ҳасратлари


Феруза Қиш келиши, ҳавонинг совуши, ёғингарчилик иссиққина уйида ўтириб, оиласи билан ёвғон шўрвани бўлса ҳам баҳам кўраётган баъзи ўзбекистонликлар учун унча ташвишли бўлмас, эҳтимол.

Бироқ ўзбекистонликлар орасида қиш заҳри юрагини тиладиган, қор қалбига ёғадиган кишилар ҳам топилади. Улардан бири 50 ёшни қаршилаётган, бироқ 22 йилдан бири ўз уйига эга бўлмаган Йўлдош Носировдир.

Й.Носиров 1982 йилда ота уйини ўша пайтда кўп болали бўлган акасининг ихтиёрига топшириб, хотини билан ижара уйга чиқиб кетган эди. 1984 йилда давлат томонидан бериладиган уйга навбатга турди.

“Ҳар йили навбат олға сурилиб турарди. Бироқ мустақиллик бўлиб, навбатга туриб уй олиш ҳам бекор қилинди”, - дейди Й.Носиров.

Й.Носировнинг айтишича, ҳозир оладиган 50 минг сўм маошини 4 болаю хотинига етказиш азобидан ташқари оиланинг пароканда яшаётгани, фарзандлари турли қариндош-уруғиникида бўйни эгик ўсаётгани унинг қалбини эзмоқда.

16 ёшли Ҳабибулла оиланинг уйсизлик жабрини энг кўп тортяпти. Чунки у ота-онаси, ака-укалари яшаётган қариндошлариникидан анча узоқдаги холасиникида кун ўтказяпти. Жигарларини кўргани тез-тез келиб туриш учун эса маблағ йўқ.

“Ҳа деб кўчаверса ҳам бўлмас экан. Кўчгандан кейин янги мактабга борганда болалар билан танишишга қийналаман. Энди ўрганганимда яна бошқа мактабга боришга тўғри келади. Ота-онаси билан яшаётган болаларга ҳавас қиламан”, - дейди Ҳабибулла.

8 яшар Убайдулла ҳам оиланинг ўз уйи йўқлиги унинг кўнглига ҳозирданоқ қаттиқ таъсир қилаётганини айтади.

Й.Носировнинг катта ўғли 22 ёшли Ёқубжон эса укалари ва отасининг гап-сўзларини бошини эгиб, кўзларини ерга тиккан куйи тинглайди. Унинг маюс нигоҳида бундай ҳаёт тарзидан безиб кетганлик ҳам, ота-она ҳаққини адо эта олмасликдан қийналаётган фарзанд ҳасрати ҳам, укалари билан жудоликдан эзилаётган ака ноласи – барча-барчаси мужассам. Бўйи етган ўғилни уйлантириш, қизни узатиш ташвиши, бу орзу-ҳавасни қандай ва қаерда амалга ошириш ҳақидаги ўй-хаёл эса она шўрликни уйқусизликка гирифтор қилган.

Й.Носировнинг билдиришича, уйсизлик муаммоси юзасидан Ўзбекистондаги барча расмий идораларга, маҳаллий ҳокимликларга мурожаат қилган, бироқ бирор марта ижобий жавоб олмаган.

У охирги марта Тошкент шаҳри ҳокими маҳкамаси уй-жойларни ҳисобга олиш ва тақсимлаш бошқармасига мурожаат этган.

Бошқарма ходимасининг “Озодлик” мухбири билан суҳбатда айтишича, ҳозир Тошкентда давлат ҳисобидан уй-жой қурилаётгани йўқ. Қайси сабаб биландир эгасиз қолган бўш уйлар эса уйи давлат томонидан бузилаётган оилаларга берилмоқда.

Бошқарма ходимаси Й.Носировдан баттарроқ шароитда яшаётган фуқароларга ҳам ҳозир уй берилмаётганини бот-бот такрорлади.

Й.Носиров эса шу кунларда хотин-бола чақасидан айрилиб, акасиникида яшаб туришга мажбур бўляпти.

“Таниш-билишларим “уй олдингми” деб сўрашидан юрагимни олдириб қўйганман. Сўраб қолмасин деб қочиб юраман. Ҳозир ўлиб, ўла олмай юрибман”, - дейди уйсизлик қаддини буккан Й.Носиров.
XS
SM
MD
LG