Линклар

logo-print

“Йўқ ҳақида бадиҳа” кимга ёқмади?


Шайбон

Маълумотларга қараганда, Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳақида мулоҳазалар билдирилган “Йўқ ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақола эълон қилинган “Адвокат-пресс” газетаси сотувдан йиғиштириб олинган.

Мақола муаллифи Дилмурод Саййид мамлакатдаги мавжуд аҳволга оид қарашлари ва хулосаларини бундай ёзади: “Нафақат пойтахт кўчаларида, балки Ўзбекистондаги энг чекка ҳисоблаган қишлоқларда ҳам “Ўзбекистон келажаги буюк” деган оташин таъкид битилган лавҳаларни ўқиш мумкин. Шубҳа йўқ, инкор ҳам этиб бўлмайди. Дарҳақиқат, келажак буюк. Аммо ўша буюк онлар қачон келажак. Худо билади. Умуман, қиз-жувони мардикорга чиққан, гўдаклари она сутига тўймай қолаётган, таълим ва тарбия муассасаларида талаба ҳамда тарбияланувчидан ҳеч бир самарасиз пул талаб қилинадиган мамлакатда буюкликка томон силжиш бўлиши мумкинми?!”

Мақолада давлат сиёсати даражасига кўтарилган масалага ҳам тўхтаб ўтилади ва унинг хато эканини исботлашга уринилади: “Мен деҳқончилик, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасидан мутлақо йироқман. Лекин ғалла ҳеч маҳал мамлакатни, халқни бойита олмаслигига ақлим етади. Пахтани камайтириш ҳисобига ғалла экин майдонларини кенгайтириш фикрини давлатчилик тамойилига киритган шахс мамлакат ва халқнинг биринчи рақамли душманидир. Чунки фақат қашшоқлик ва мутеъликка маҳкум бўлишни истаган миллат ва мамлакатгина ғалла ҳосилига умид боғлайди”.

Муаллиф мақоласини қуйидаги шеър билан якунлайди:


Баланд-баланд иморатлар, салобатин қиёси йўқ,

Бири банку, бири кафе, бири маркет, адоси йўқ.

Ижарагир шароити тор хонадан иборат, кўп

Лек уларга уй қурмоққа ҳукуматнинг ақчоси йўқ.


Бой давлатнинг ҳокими бой, қозиси тўқ, суллоҳи тинч

Ким халқининг қанчаси оч, бир оҳорли либоси йўқ.

Баландпарвоз ваъдалару, ваъдабознинг маддоҳи мўл,

Қарори кўп, фармони кўп, ижрочи кўп, ижроси йўқ.

Маълум бўлишича, айни шу мақола сабаб “Адвокат-пресс” газетаси барча матбуот тарқатиш шахобчаларидан йиғиб олинган. Боз устига, газетанинг кейинги тақдири масаласида ҳам қатъий ҳукмга келинган.

“Озодлик” мухбири мақола муаллифи Дилмурод Саййид билан мулоқотда бўлди.

Унинг сўзларига кўра, “Адвокат-пресс”нинг нега савдодан олиб қўйилгани масаласи ҳозирча газета жамоаси учун ҳам жумбоқ. Чунки бу ишни амалга оширган “Матбуот тарқатувчи” уюшмасининг на ёзма, на оғзаки жавоби бор. Аммо газета чиқишини тўхтатиб туриш тўғрисида Тошкент шаҳри матбуот ва ахборот бошқармасидан хат олинган. Хатда газетани чиқармай туриш учун 4-5 та важ санаб ўтилган. Масалан, гўёки нотўғри иш олиб боргани учун газета аввал ҳам, яъни 2005 йил 19 апрель ва 21 июнда огоҳлантирилган. Ҳолбуки, газета илгари бундай огоҳлантириш олмаган. Шунингдек, газета низомида унинг манзили Сарвар Азимов кўчасидаги 63-уй кўрсатилган бўлса-да, у Амир Темур кўчасидаги 100-уйда фаолият юритаётгани важ этилган. Бироқ газета низомида нашр Амир Темур кўчасидаги 100-уйда иш олиб бориши аниқ қилиб ёзиб қўйилган. Бу тушунмовчиликларни ойдинлаштириш учун бошқармага борилганда, тегишли мутасаддиларни топиб бўлмаган.

Таъкидлаш керакки, газета йиғиштириб олинган бўлса-да, кимлардир уни олиб ўқишга улгурган.

Д.Саййиднинг билдиришича, мақолада, асосан, ижтимоий муаммолар, яъни шифохоналар таъмирга муҳтожлиги, аёллар мардикорга чиқаётгани, ишга лаёқатли аҳолининг катта қисми тирикчилик учун хорижга чиқиб кетаётгани кабилар атрофида мулоҳаза юритилган. Шунингдек, унда баъзи гуруҳлар давлат раҳбарининг ишончини суиистеъмол қилиб, оқибати самарасиз ишларга розилик олаётгани айтилган.

Д.Саййид газета бундан кейин ҳам чиқиб туришига умид билдирди.

“Газета нафақат бизга ва ўқувчига, биринчи навбатда, ҳукуматда, президент девонида ўтирган, халқни, миллатни ўйлайдиган ҳар бир масъул учун ҳам керак”, - деди Д.Саййид.
XS
SM
MD
LG