Линклар

logo-print

Прагада Омбудсманлар йиғини ўтмоқда

  • Абдулла Искандар

Шарқий Европа ва МДҲ мамлакатларида Омбудсман институтлари ролига бағишлаб БМТ ташаббуси билан Прагада ўтказилаётган тадбирда Ўзбекистон делегацияси ҳам иштирок этмоқда.



Делегация таркибида Ўзбекистон Омбудсман институти котибияти бошлиғи Маъруф Усмонов, айни ташкилот ходимлари Мирзатилла Тиллабоев, Саломат Умрзоқова, Абдували Абдураҳмонов бор.

М.Тиллабоевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, тадбирнинг асосий мавзуси Омбудсман институтининг суд идоралари билан ҳамкорлиги масаласидир.

М.Тиллабоев ўзбек делегацияси тадбирга, аввало, тажриба алмашиш мақсадида келганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, агар Ўзбекистон фуқароси топталган ҳуқуқларини тиклаш учун Омбудсманга мурожаат қилса, бу қандай масалалигига қараб, Омбудсман ваколати доирасида ҳал қилиниши мумкин.

Ўзбекистон делегацияси вакиласи С.Умрзоқова “суд ваколатига кирадиган масалага Омбудсманнинг аралашишга ҳақи йўқ”лигини билдирди. Унинг сўзларига кўра, Андижонда анча одамнинг қони тўкилгани, бегуноҳ кишилар ички ишлар ходимлари томонидан қийноқларга солинаётгани масаласида Омбудсманга ҳеч ким мурожаат қилмаган. Мурожаат бўлмагани сабабли Омбудсман бирор нарса қила олмайди.

Шу ўринда эслатиб ўтиш керак, ўзбекистонлик кўплаб инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари мамлакатдаги Омбудсман институти фаолиятини самарасиз баҳолайди.

Прагадаги анжуманда Ўзбекистон делегациясининг маърузаси ҳам тингланди. Тадбир иштирокчиларига Ўзбекистон Омбудсмани қилган ишлар ҳақида 13 варақлик ҳисобот тарқатилди.
XS
SM
MD
LG