Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 10:12

Чимкентда ўзбек диндорлари беиз кетди


Озодбек 24 ноябрь куни Жанубий Қозоғистон вилояти маркази Чимкент шаҳрида Ўзбекистоннинг 4 фуқароси бедарак йўқолди. Ҳозиргача уларнинг қаердалиги ва тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Москвадаги “Мемориал” инсон ҳуқуқлари маркази тарқатган хабарга кўра, бу шахслар диндорлардир. Йўқолганлардан бири Абдураҳмон Иброҳимов 1960 йилда туғилган бўлиб, 2000 йилдан Қозоғистонда мухожиратда яшаб келган. 2000 йилга қадар у Тошкентда машҳур диний уламо Обидхон қори имомлик қилган “Тўхтабой” масжиди билан алоқадор бўлган. 2000 йил октябрда А.Иброҳимов тақиқланган диний ташкилотга аъзоликда гумонланиб, қидирувга берилган. 2005 йил февралда эса у ўзига қочқин мақоми берилишини сўраб, БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигига мурожаат қилган.

Хабарда айтилишича, А.Иброҳимов 24 ноябрь куни кечқурун тахминан соат 20 ларда Чимкент шаҳрининг “Восток” миттитуманидаги 92-уйда ижарада турувчи танишини кўргани келган, аммо улар бир-бири билан учраша олмаган. Худди шу куни айни манзилга келган ўзбек миллатига мансуб яна икки диндор ҳам бедарак йўқолган.

24 ноябрдан буён бедарак йўқолганларнинг танишлари ва қариндошлари уларнинг тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумотга эга эмас.

Ўзбек диндорларининг бедарак йўқолиши 20 ноябрда Қўқон шаҳрида ҳибсга олинган Азизбек Раҳимов билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги тахмин қилиняпти. Маълум бўлишича, А.Раҳимов Буюк Британияда таҳсил олган ва Ўзбекистонга қайтаётганида Чимкентдаги юқорида тилга олинган хонадонда тунаган.

“Бедарак йўқолганлар Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан расман ҳибсга олингани ёки Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан ўғирлаб кетилгани маълум эмас. Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти, вилоят прокуратураси ва Миллий хавфсизлик қўмитасининг вилоят департаментига юборилган сўровлар жавобсиз қолмоқда”, - дейилади “Мемориал” хабарида.

Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти матбуот хизмати раҳбари Салтанат Қоракўзова “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бедарак йўқолган диндорлар ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, улар ҳибсга олинганлар рўйхатида йўқ.

Миллий хавфсизлик қўмитаси вилоят департаменти вакиллари ҳам бедарак кетган ўзбек диндорлари ҳақида маълумот йўқлигини таъкидлади.
XS
SM
MD
LG