Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 16:25

Нигора Ҳидоятованинг эрига суиқасд уюштирилди


28 ноябрь куни Ўзбекистоннинг мухолифатдаги “Озод деҳқонлар” партияси етакчиси Нигора Ҳидоятованинг эри, туркиялик тадбиркор Орифжон Ойдинга суиқасд уюштирилган.

Воқеа Жанубий Қозоғистоннинг Сариоғоч шаҳарчасида рўй берди. Ярадор тадбиркор шифохонага ётқизилди.

Н.Ҳидоятованинг “Озодлик” мухбирига айтишича, ҳозирча эрининг аҳволи оғир, у ҳушига келмаган.

“У сунъий нафас олиш мосламаси ёрдамида нафас олмоқда. Жарроҳлик операцияси давомида танасидаги ўқ чиқариб олинган. Унга “Макаров” тўппончасидан ўқ узилган. Етти ўқ отилган, охиргиси бошига теккан. Қозоғистонлик шифокорларнинг ҳаракати туфайли ҳаёти сақлаб қолинди”, - деди Н.Ҳидоятова.

Унинг таъкидлашича, бу воқеанинг эрининг тадбиркорлик фаолиятига алоқаси йўқ. Чунки О.Ойдиннинг фаолияти катта пуллар билан боғлиқ эмас.

“У қурган заводлари учун олган пулга кун кечиради. Шунинг учун бу воқеа унинг бировдан қарз олгани ёки бергани билан боғлиқ эмас, деб ўйлайман. Уни тунда пойлаб, овоз чиқармайдиган мосламали тўппончадан отишган. Бу воқеанинг ғаламислик эканига ишончим комил. Чунки отганлар тошкентликлар бўлган”, - деди Н.Ҳидоятова.

“Озод деҳқонлар” етакчисининг сўзларига кўра, Қозоғистон милицияси жиноятчиларни машинасида олиб келган ҳайдовчини сўроқ қилган. Натижада ҳайдовчи 600 танга эвазига икки киши айланма йўллар орқали чегарадан олиб ўтгани аниқланган.

Н.Ҳидоятова ҳозир қариндошларига нисбатан таъқиблар кучайгани, бу ҳолат эрини ҳам четлаб ўтмаганини таъкидлади.

Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти матбуот хизмати бошлиғи Салтанат Қоракўзова ҳозир мазкур воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатилгани ва суриштирув ишлари олиб борилаётганини билдирди. У суиқасд жабрланувчининг рафиқаси фаолияти билан боғлиқ экани тўғрисида маълумотлар йўқлиги, бундай тахминлар жиноятчилар қўлга олингандан кейингина аниқлаштирилиши мумкинлигини маълум қилди.

С.Қоракўзова тадбиркорни отганлар Тошкентдан келгани тўғрисидаги тахминни тасдиқламади, инкор ҳам этмади.

“Бизда бир қанча тахминлар бор, лекин тергов манфаатлари нуқтаи назаридан уларни ошкор қила олмайман”, - деди С.Қоракўзова.
XS
SM
MD
LG