Линклар

ХДП “Давра кенгаши”га қўшилмайди, “Эрк” ҳам эргашмоқчи эмас

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистондаги мухолифатдаги партиялар ва инсон ҳуқуқлари ташкилотлари вакилларидан иборат “Давра кенгаши” ташкилотининг Тошкент вилояти бўлими мамлакатни сиёсий ва иқтисодий бўҳрондан олиб чиқишда бирлашиш ғоясини илгари сурди.

Бўлим ўзининг бу борадаги қадамлари хусусидаги баёноти ва меморандумини муҳокамага қўйди.

Бўлим ҳамраиси Абдураҳмон Ҳосиловнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, бу ҳаракатлар Ўзбекистонда демократик мухолифатни яратиш учун биринчи қадам. Мустақилликнинг ўтган 14 йили мобайнида мамлакатда давлатчилик ва ҳукумат шаклланиб бўлди, лекин бу шаклланиш ва фуқароларнинг турмуш даражаси мутаносиб эмас.

“Мухолифатнинг вазифаси эркин демократик фуқаролик жамияти қуришга ҳаракат сифатида тан олиниши керак. Мамлакатни сиёсий ва иқтисодий бўҳрондан олиб чиқиш ҳаракатига Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган бешта сиёсий партияни ҳам жалб этиш режалаштирилган”, - деди А.Ҳосилов.

Шу пайтгача Ўзбекистондаги мухолиф кучларни бирлаштиришга бир қанча ҳаракатлар бўлди. Лекин уларнинг бирортаси ҳам ижобий самара бермади. Хўш, бугунги шароитда демократик мухолифнинг бирлашишига ишонч борми? Ҳукумат ўзига қарши бўлган янги кучнинг пайдо бўлишига йўл қўядими?

А.Ҳосиловнинг сўзларига кўра, мухолифатни ҳукуматга қарши куч сифатида кўриш нотўғридир. Чунки провард мақсад Ўзбекистонни ривожлантириш бўлгани учун “Давра кенгаши” (Тошкент вилояти бўлими назарда тутиляпти) маълум нуқталарда ҳукумат билан ҳам ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистонда расман рўйхатдан ўтган сиёсий партиялар “Давра кенгаши” таклифини қандай қабул қилади?

Халқ демократик партияси раҳбарларидан бири Аслиддин Рустамовнинг таъкидлашича, ХДП расман рўйхатдан ўтган партия билан мулоқот қилиши мумкин.

“Қолаверса, ўзини ҳаракат, коалиция, партия сифатида эълон қилаётган ҳар хил одамлар аслида хориждан катта миқдорда маблағ олиб, оғзига келган бўлар-бўлмас, Ўзбекистон шаънига бўҳтон гапларни ҳам айтиб юрибди”, - деди А.Рустамов.

“Бирлик халқ ҳаракати” партияси бош котиби Васила Иноятова бирлашиш тарафдори эканини билдирди.

“Лекин, - дейди В.Иноятова, - ҳаракатларимиз чақириқларимизга мос келмаяпти. Биз чақириб туриб, амалда ҳеч нарса қилмаяпмиз. Қуруқ гаплардан амалий ҳаракатларга ўтиб, бирлашган кучга айланишимиз жуда керак. Андижон воқеасидан кейин мухолифат вакилларининг қамалиши бизнинг бирлашмаганимиз натижасидир”.

“Эрк” демократик партияси бош котиби Отаназар Орипов бундай ҳаракатларнинг ижобий натижа беришига ишонмади.

“Улар (“Давра кенгаши”нинг Тошкент вилояти бўлими) ортида кимлар турганини билмаймиз. Аниқ билмайдиган нарсалар ортидан эргашиш нотўғри бўлади”, - деди О.Орипов.
XS
SM
MD
LG