Линклар

logo-print

Кўзи ожизлар ҳукумат эътиборсизлигидан норози


Дилнаво Ўзбекистонда 36 мингга яқин кўзи ожиз ногирон бор. Мамлакатдаги ҳозирги иқтисодий-ижтимоий қийинчиликлар, айниқса, улар учун жуда оғриқли бўлмоқда. Улар ижтимоий ҳимояга энг муҳтож қатлам бўлиб қоляпти.

Яқин кунларда нишонланадиган Ногиронлар халқаро куни Ўзбекистонда ҳам беиз бўлмайди. Шу сана муносабати билан ногиронлар учун байрам тадбирлари ўтказилиб, турли ташкилотлар томонидан совғалар улашилади. Ногиронлар ҳолидан хабар олинаётгани, уларнинг муаммоларини ечишга катта эътибор бераётгани ҳақида ОАВда сонсиз мақолалар пайдо бўлади.

Шунга қарамай, ногиронларнинг ўзи турмуш кечириш кундан-кунга оғирланиб бораётганини яшираётгани йўқ.

“Ҳозир иш йўқ. Иш бўлса ҳам ойлик вақтида берилмайди ёки жуда кам. Нафақа жуда кичик. Масалан, 2-гуруҳ ногирони 18 минг нафақа олади. Турмуш оғирлигидан кўзи ожизларнинг анчагинаси тиланчилик қилиб кун кечиряпти”, - дейди андижонлик 2-гуруҳ ногирони, кўзи ожиз Дилшод Пўлатов.

Унинг таъкидлашича, бу оддий ҳолга айланиб боряпти. Ҳукумат эса уларнинг муаммоларига эътибор қаратаётгани йўқ.

Кўзи ожизлар жамиятига қарашли Тошкент чўтка комбинати ишчиси Соиб Умаровнинг билдиришича, кўзи ожизлар ишлаши мумкин бўлган корхоналарда иш тўхтаб қолган. Айниқса, вилоятларда кўзи ожизлар ҳаёти тобора оғирлашиб боряпти. Улар ишлайдиган корхоналар фаолияти эса деярли тўхтагач, корхонага қарашли мол-мулклар талон-тарож қилинмоқда.

“Кўзи ожизлар жамияти раҳбарлари, аввало, ўз манфаатини ўйламоқда. Корхоналарни талон-тарож қилишда уларнинг ҳам иштироки бор. Ҳукумат эса бу корхоналар фаолиятини ушлаб туриш учун ҳаракат қилаётгани йўқ. Соғ одам бошқа иш топиши мумкин. Кўзи ожизларда эса бундай имконият йўқ”, - дейди С.Умаров.

С.Умаровнинг сўзларига кўра, 2004 йил май ойидан бошлаб кўзи ожизларнинг имтиёзлари бекор қилиниб, ўрнига товон пули тўланмоқда. Товон пули миқдори эса ҳаддан ташқари кам. Коммунал хизматларга бўлган имтиёзларнинг барчаси бекор қилинган. Фақат телефонга имтиёз сақлаб қолинган.

Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти марказий бошқаруви ходими Баҳром Исмоилов ҳам ҳукумат кўзи ожизларга кам эътибор бераётганини тасдиқлади.

“Яқинда кўзи ожизлар муаммолари масалада семинар ўтказилиб, унда Вазирлар Маҳкамаси, Олий Мажлисдан вакиллар иштирок этди. Улар барча таклифларни ёзиб олиб кетди. Бироқ ўзгариш бўлиш-бўлмаслигини билмайман”, - деди Б.Исмоилов.

Б.Исмоиловнинг айтишича, кўзи ожизлар ишлайдиган корхоналарда ускуналар жуда эскириб кетган. Ногиронлар уларни таъмирлаб, бир амаллаб ишлаб турибди. Кўзи ожизлар жамияти давлат ташкилоти ҳисобланмагани боис, унга қарашли корхоналарнинг янги ускуналар олишга маблағи йўқ. Агар бу корхоналар тўла қувват билан ишлаб, маҳсулотлари сотилганида эди, унинг ишчилари ҳозиргидай аянчли аҳволга тушиб қолмаган бўларди.
XS
SM
MD
LG