Линклар

Сирдарёлик ўқувчилар хусусий хонадонларда ўқийди


Лобар Сирдарё вилоятида жорий йилда 43 та мактабни мукаммал таъмирдан чиқариш режалаштирилган. Таъмир тугагунча эса одамларнинг уйларини ижарага олиб, ўша ерда дарс ўтиш белгиланяпти.

Таъмир бошланадиган мактабларда ота-оналар мажлиси чақирилиб, ўқишни қаерда давом эттириш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Гулистон шаҳридаги мактабларнинг бирида ҳам шундай мажлис ўтказилди. Кимнинг уйида жой бўлса, дарсларни ўша ерда ўтиш масаласи кўриб чиқилди.

“Бировнинг уйини ижарага олиб, дарс ўтилгани учун ўқувчиларнинг ҳар биридан ойига минг сўмдан ижара ҳақи йиғиб олиш мўлжалланяпти. Уй эгаси эса газ ва электр ҳақини ўзи тўлар экан”, - деди ота-оналардан бири.

Ота-оналарнинг айтишича, шундоқ ҳам мактаб бошланган буён ҳали унга, ҳали бунга пул йиғилади. Энди фарзандларини ўқитиш учун ҳар ойда ижара учун ҳам пул тўлаш уларга оғирлик қилади.

Ота-оналар уйларда дарс ўтиш таълим сифатига салбий таъсир кўрсатишидан ташвишда. Бу хавотирга Гулистондаги 12-мактаб илмий бўлим мудири Манзура Каримова ҳам қўшилди.

“Ўқитувчи ва ўқувчи уйларга мослашгунча, албатта, қийин бўлади. Айниқса, бошланғич синф ўқувчиларига. Уйларда қанчалик шароит бўлмасин, барибир мактабнинг ўрнини босмайди”, - дейди М.Каримова.

12-мактаб директори Зулфия Абдуназарова эса ўқитувчи ўзгармаса, дарснинг қаерда ўтилиши ўқувчилар билимига таъсир ўтказмайди, деган фикрда. Унинг билдиришича, мазкур мактабни таъмирлаш учун давлат бюджетидан 68 миллион сўм ажратилган. Мактабнинг бошланғич синфлар ўқийдиган биноси, айниқса, таъмирга муҳтож бўлиб, қурилиш ишлари, асосан, шу бинода олиб борилади.

Ота-оналар ҳам, ўқитувчилар ҳам таъмирлаш ёздаги 3 ойлик таътил пайтида эмас, айни қиш чилласида бошланганидан ҳайрон бўляпти.

“Иссиқ кунларда таъмир сифатли чиққан бўларди. Қишда эса ёғингарчилик барибир сифатга таъсир кўрсатади. Лекин нима қила олардик, юқоридагилар шундай қарорга келган”, - дейди ўқитувчилар.
XS
SM
MD
LG