Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Кентовлик ҳизбчилар озодликдан маҳрум этилди


Жанубий Қозоғистонда “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланаётганлар устидан иккита суд жараёни ниҳоясига етиб, кентовлик Бўлат Абилов ва Абай Есжонов 1 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

Қозоғистоннинг айни шу вилоятида ҳизбчиларнинг кенг фаолият олиб бораётгани кузатилади. Бўлиб ўтган суд жараёнида маълум бўлишича, 34 ёшли Б.Абилов мазкур диний ташкилотнинг Кентовда фаолият олиб борган гуруҳига раҳбарлик қилган. У 2 сентябрь куни диний экстремистик ғояларни тарғиб қилиш мақсадида ноқонуний акция ўтказишга ҳаракат қилган вақтда ҳибсга олинган. 29 ёшли А.Есжонов эса “Ҳизб ут-таҳрир” варақаларини тарқатаётган пайтда ушланган. Унинг ёнидан олтмишга яқин варақа топилган.

Қозоғистонда “Ҳизб ут-таҳрир”нинг фаолияти тақиқлаган. Бироқ улар мамлакатда яширин равишда фаолият кўрсатишда давом этмоқда. Бу фаолият Жанубий Қозоғистонда, айниқса, яққол кўзга ташланади.

Вилоят аҳолисининг 80 фоизини мусулмонлар ташкил этади. Ҳар жума намозларига вилоят масжидларида 10 мингга яқин одам тўпланади. Ҳайит ва йирик диний маросимлар вақтида ибодатчилар сони 300 мингтагача етади. Диний ташкилотлар сони кўпайиб бориши жиҳатдан Жанубий Қозоғистон вилояти мамлакатда биринчи ўринда туради.

Расмий маълумотларга кўра, айни пайтда вилоятда 340 та диний ташкилот мавжуд. Улардан 162 таси расман рўйхатдан ўтган.

Жанубий Қозоғистон университети профессори Файзулла Исҳоқовнинг таъкидлашича, вилоятда ҳизбчилар, суфийлар, ваҳҳобийлар анча фаол.

“Суфийларнинг зарари йўқ. Улар ҳокимият учун фойдали ҳисобланади. Чунки суфийлар сиёсий, ижтимоий ҳаракатларда қатнашмасликка чақиради. Лекин ҳизбчиларнинг ташвиқотлари анча сезиларли. Бу ғоялар мамлакатга четдан олиб кирилмоқда”, - деди профессор.

Вилоят полиция маҳкамалари кейинги пайтда “Ҳизб ут-таҳрир” ташкилоти варақаларини тарқатувчилар кўплаб қўлга олинаётганини маълум қилмоқда. Жамоатчилик эса вилоятда диний экстремизм хавфи кучайиб бораётганини эътироф этаётир.
XS
SM
MD
LG