Линклар

“Адвокат-пресс” ёпилди, Дилмурод Саййид эса гапидан қайтмоқчи эмас


Шайбон Ўзбекистон адвокатлари уюшмаси ва Тошкент шаҳри адвокатлари ҳайъати нашри бўлмиш “Адвокат-пресс” газетаси фаолияти тўхтатилди. Газета ходими Дилмурод Саййид эса ҳукумат идораларидан бирига жиддий суҳбатга чақирилди.

Маълумотларга кўра, гарчи рўйхатга олувчи орган томонидан шундай қарор қабул қилинган бўлса-да, бу иш гўёки газетанинг ўз ташаббуси билан амалга оширилиши лозимлиги уқтирилмоқда.

“Гўёки ташаббус ўзимиздан чиқиб, газета фаолиятини тўхтатиб туриш ҳақида ўзимиз хат беришимиз керак экан”, - деди “Адвокат-пресс” ходими Дилмурод Саййид.

Айни сабаб ўлароқ, газетанинг шу кунларда чоп этилиши керак бўлган сони ҳам дунё юзини кўрмади.

Газета фаолиятини чеклашга уриниш ноябрь ойи охирида бошланган эди. Бунга “Адвокат-пресс”нинг 24 ноябрь сонида эълон қилинган “Йўқ ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақола сабаб бўлгани айтилмоқда. Газетанинг ўша сони сотувдан йиғиштириб олинганди.

Дилмурод Саййид қаламига мансуб айни мақолада “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” шиори атрофида мулоҳаза юритилиб, “қиз-жувони мардикорга чиққан, гўдаклари она сутига тўймаётган, таълим ва тарбия муассасаларида талаба ҳамда тарбияланувчидан пул талаб қилинадиган мамлакатда буюкликка томон силжиш бўлиши” шубҳа остига олинганди. Шунингдек, мақолада мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳам танқид қилинганди.

“Мен деҳқончилик, умуман, қишлоқ хўжалиги соҳасидан мутлақо йироқман. Лекин ғалла ҳеч маҳал мамлакатни, халқни бойита олмаслигига ақлим етади. Пахтани камайтириш ҳисобига ғалла экин майдонларини кенгайтириш фикрини давлатчилик тамойилига киритган шахс мамлакат ва халқнинг биринчи рақамли душманидир. Чунки фақат қашшоқлик ва мутеъликка маҳкум бўлишни истаган миллат ва мамлакатгина ғалла ҳосилига умид боғлайди”, - деб ёзган эди Д.Саййид

Газетанинг кўпчилик ўқувчилари эътирофича, амалдаги ҳукумат, шубҳасиз, бу иқтибосда мамлакат президенти нишонга олинганини англаган. Зеро, ғалла масаласини давлат даражасидаги муҳим масалага айлантирган шахс айнан президентдир.

Аммо муаллиф Д.Саййидга мақолада ҳукумат сиёсатига қарши чиқишни кўзламагани, бор-йўғи ҳаммага аён ҳақиқатни айтганини таъкидламоқда.

У мана шу мақола сабаб “юқори” идоралардан бирига чақирилгани, агар бирор айб ўйлаб топилмаса, мақолада келтирилган фикрларидан қайтмаслигини билдирди.

“Мен шу мазмунда бўлган бошқа мақолаларни ҳам тайёрлаб турибман. Уларни қаерда бўлса ҳам барибир эълон қилдираман”, - деди Д.Саййид.

Газета атрофида юзага келган вазият бўйича “Озодлик” мухбири Тошкент шаҳри адвокатлари ҳайъати раҳбари Гулнора Эшонхоновага мурожаат қилди. У газета йўлиққан муаммо ҳақида ўзига бироз бошқача, яъни гўёки газета ўз муассислари ва манзили тўғрисида нотўғри маълумот тақдим этганидан бохабар қилинганини айтди ҳамда бу муаммоларни ҳал этиш чоралари кўрилаётганини билдирди.

“Аммо агарда бу ерда қайсидир маънода сўз ва фикр эркинлиги масаласида гап кетаётган бўлса ёки мухбирлардан бирортасига нисбатан қандайдир хатти-ҳаракатлар аниқланса, у ҳолда биз адвокатлик вазифамиздан келиб чиққан ҳолда дарҳол газета ва ходимлар ҳимоясига турамиз. Бунга шубҳа бўлиши мумкин эмас”, - деди Г.Эшонхонова.

Тошкент шаҳри матбуот ва ахборот бошқармаси ҳозирча “Адвокат-пресс” масаласида сукут сақламоқда.
XS
SM
MD
LG