Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:34

Бедарак йўқолган диндорларнинг дараги чиқмаяпти


Жанубий Қозоғистон вилояти маркази Чимкент шаҳрида бедарак йўқолган ёки ҳибсга олинган ўзбекистонлик диндорлар сони 11 тага етди. Ҳозирча уларнинг кейинги тақдири ҳақида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Айрим манбаларда бедарак кетганлар Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимлари томонидан ҳибсга олингани айтилмоқда.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Жанубий Қозоғистон бўлими раҳбари Резеда Глушенконинг сўзларига кўра, бу тўғрида МХҚнинг вилоят департаментига расман мурожаат қилинган. Аммо департамент вакиллари ўзбекистонлик диндорлар МХҚ ходимлари томонидан ҳибсга олинмаганини билдирган.

“Бедарак кетган Иброҳимов, Абдусамадов, Шораҳметов ва Раҳмонов қочқин мақоми олиш учун илгари БМТнинг Қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигига мурожаат қилган. Айни пайтда Иброҳимов ва Абдусамадов қочқин мақоми бўйича сертификатга эга. Шораҳметов ва Раҳмоновнинг мурожаати ўрганилмоқда. Бошқалари ҳам бу борада БМТга мурожаат қилган. Улар дом-дараксиз кетмаслиги керак. Чунки Қозоғистон қочқинлар мақоми бўйича конвенцияни имзолаган”, - деди Р.Глушенко.

Айни пайтда бедарак йўқолган ва ҳибсга олинганларнинг қариндошлари ҳам Ўзбекистондан Чимкентга етиб келди.

24 ноябрь куни бедарак йўқолган 29 ёшли Алишер Мирзахоловнинг онаси тошкентлик Лазокат Мирзахолованинг айтишича, ўғли намоз ўқигани учун тазйиққа учрайвергач, 2000 йилда оиласи билан Чимкентга қочиб келиб, тирикчилик ўтказиб юрган.

Бедарак йўқолганлар рўйхатида Тошкентдаги “Хўжа Нуриддин” масжиди собиқ имоми 38 ёшли Руҳиддин Фахриддинов ҳам бор. Унинг рафиқаси Муҳайё Исмоилованинг билдиришича, эри 1998 йилдан буён қидирувда бўлган.

“Биз тинч яшай олмаяпмиз. Ҳозир кундошим ҳам қамоқда ўтирибди. Менинг орқамдан ҳам ҳар хил машиналар юришини пайқаганман”, - дейди М.Исмоилова.

33 ёшли Фарҳод Исломов 27 ноябрь куни ҳибсга олинган. Фарҳод ҳам 4 йил муқаддам Ўзбекистондан чиқиб кетганди.

Ўша куни ҳибсга олинган Тоҳир Абдусамадовнинг қариндоши Умида Азимованинг таъкидлашича, бу оила 1999 йилдан буён тазйиққа учраб келади. Т.Абдусамадовнинг икки ака-укаси диний эътиқоди учун қамалиб чиққан. Ака-укалари қамалгач, Т.Абдусаматов ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетишга мажбур бўлганди.
XS
SM
MD
LG