Линклар

logo-print

Пахта нархи давлат сирими?


Феруза Тошкент вилоятилик фермер Салим Шокиров фақат ўзи етиштираётган пахтанинг харид нархидан хабардорлиги, унинг қанчага сотилаётгани тўғрисида эса ҳеч қаердан маълумот ололмаётганидан шикоят қилди.

Мана шу масалани ойдинлаштириш мақсадида “Озодлик” мухбири дастлаб Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазирлигига мурожаат этди.

Вазирлик матбуот котиби Татяна Орлова бу идоранинг пахта сотишга умуман алоқаси йўқлиги, пахта олди-соттиси билан “Ўзмарказимпекс”, “Ўзинтреимпекс” ва “Ўзсанмашимпекс” ташқи тижорат компаниялари шуғулланишини маълум қилди. У мазкур компанияларда Ўзбекистон пахтаси қайси давлатларга, қанча миқдорда ва қандай нархда сотилиши ҳақида батафсил маълумот мавжудлигини таъкидлади ва “бу маълумотлар махфий эмас”лигини қўшимча қилди.

“Ўзмарказимпекс” давлат акциядорлик компанияси вакили Раҳимжон Зоҳидовнинг таъкидлашича, фермерлардан сотиб олинадиган пахта баҳосини давлат белгилайди. “Ўзпахтасаноат” компанияси эса сотиб олади. Пахтани хорижга сотиш билан шуғулланувчи компаниялар эса “Ўзпахтасаноат” пахта сотиб олиши учун зарур маблағни тўлаб беради, холос.

Ўзбекистон фермер хўжаликлари уюшмаси вакили ҳам пахта нархи масаласи бу ташкилот ваколатига кирмаслиги, уюшма эса фақат фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланишини айтиш билан чекланди.

“Фермер ўзи етиштирган пахтаси нархи ҳақидаги саволларига жавоб ололмаётгани эса фермерларнинг ҳақ-ҳуқуқига кирмайди (!)”, - деди уюшма вакили.

“Ўзпахтасаноат” компаниясидан эса пахта нархи масаласида мантиқли ва қониқарли жавоб олишнинг имкони бўлмади.

“Компаниямиз пахта сотмайди, фақат қайта ишлаш билан шуғулланади. Бу масалада Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазирлигига мурожаат қилинг”, - деган жавоб бўлди “Ўзпахтасаноат”дан.

Хуллас, пахта ва унинг савдоси билан боғлиқ барча ташкилотларга “оқ олтин”нинг нархи масаласига ойдинлик киритиш юзасидан мурожаатлар самарасиз кетди.

Узоқ оворагарчиликлардан сўнг расмийлардан бири бу масалага якуний нуқта қўйди: “Бизнинг бошлиқлар ҳам бу нарсани гапира олмайди. Бу давлат сири. Бу масалада фақат Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлиги ёрдам бериши мумкин”.

Хуллас, халқа яна Ташқи иқтисодий алоқалар, савдо ва инвестиция вазирлигига келиб ёпилди. Вазирликнинг жавоби эса юқорида келтирилди. Ўзбек фермери эса пахтаси охир-оқибат қанчага пулланаётганини яна била олмади. Зеро, бу “давлат сири” бўлиб чиқди. Давлатда эса бундай “сир”лар талайгина…
XS
SM
MD
LG