Линклар

Ўлдирилган депутат наркотик моддалар савдосига алоқадор бўлган

  • Сарвар Усмон

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи Тоштемир Айтбоев депутатлар Жирғалбек Сўраболдиев, Боямон Эркинбоев ва Тиничбек Ақматбоевнинг ўлдирилиши юзасидан олиб борилаётган тергов юзасидан мамлакат парламентида ҳисобот берди.

Парламентнинг бу депутатлари 24 март инқилобидан кейин ўтган бир неча ой давомида номаълум кимсалар томонидан бирин-кетин отиб ўлдирилган эди.

МХХ раҳбарининг сўзларига кўра, Ж.Сўраболдиевнинг ўлдирилишида сиёсий сабаб борлиги аниқланмаган, Б.Эркинбоевга уюштирилган суиқасд эса наркотик моддалар савдоси билан боғлиқ.

“Депутат Сўраболдиевнинг ўлими унинг мулки, аниқроқ айтадиган бўлсак, унга тегишли “Азамат” автомобиль бозорига боғлиқ бўлгани аниқланди”, - деди Т.Айтбоев.

Т.Айтбоев депутат Б.Эркинбаевнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумон қилинган икки шахс, Ботиров ва Рўзиметов қўлга олинганини маълум қилди. Депутатга қарата уч марта ўқ узиб, уни ўлдирганликда гумон қилинаётган чеченистонлик Султон Абалаев эса Қозоғистон орқали Москвага қочиб кетган. Ҳозир унга нисбатан қидирув эълон қилинган.

Т.Айтбоев Б.Эркинбоев наркотик моддалар ғайриқонуний савдоси билан шуғулланганини таъкидлади.

“Боямон қамоқхонадаги Азиз Батукаев (жиноят олами “авторитети”) билан учрашиб турган. Улар наркотик моддалар савдоси хусусида суҳбатлашган”, - деди МХХ бошлиғи.

Т.Айтбоев Б.Эркинбоев қамоқхонага 20 килограмм героин олиб келишга ваъда қилиб, ваъдасини бажармагани учун ўлдирилгани, қотилликни Ботиров исмли кимса “авторитет” Рўзиметов билан биргаликда уюштирганини таъкидлади.

Аслида депутат Б.Эркинбоевнинг наркотик моддалар савдосига алоқадорлиги тўғрисидаги миш-мишлар оддий халқ орасида ҳам, ҳокимиятнинг турли-туман кенг-тор, узун-қисқа йўлакларида ҳам юрар эди. Шу боис, айтиш мумкинки, депутатлар учун МХХ раҳбарининг ҳисоботида келтирилган маълумотлар янгилик бўлмади.

Қирғизистон парламенти аъзоларидан бири Мэлис Эшимкановнинг билдиришича, у МХХ раҳбари ҳисоботидан бирор янги маълумот олмаган. Ҳисобот уч депутатнинг ўлими юзасидан уч ойдан бери айтилиб келаётган, кўпчилик билган фактлардан иборат, анча-мунча миш-мишлар тасдиқланган, холос.

“Боямоннинг наркотиклар савдоси билан шуғуллангани, тўплаган бойлиги 25 миллион доллар экани айтилди. Бу гапларга, тўғриси, ишонишниям, ишонмасликниям билмай турибман”, - деди М.Эшимканов.
XS
SM
MD
LG