Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 15:03

Журналист президентининг гапига ишониб, чув тушди...ми?


“Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти Ўзбекистондаги “Адвокат-пресс” газетаси ёпилиши ва унинг мухбири Дилмурод Саййидга тазйиқлар бошлангани тўғрисидаги хабарлардан ташвиш билдирди.

Д.Саййид бошига ҳам ҳақ сўзни айтишга ботинган касбдошлари Собиржон Ëқубов ëки Носир Зокир куни тушиши эҳтимоли халқаро матбуот жамоатчилигини жиддий хавотирга солмоқда.

“Келаётган янги хабарлар Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил сўз ва матбуотга тоқат қилмаслигини яна бир бор исботламоқда. Афсуски, Андижон воқеаларидан бери Ўзбекистондан фақат ëмон хабар келмоқда”, - деди қароргоҳи Парижда жойлашган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг Марказий Осиё бўйича мутасаддиси Паскал Бонамур.

Д.Саййиднинг “Адвокат-пресс”нинг 46-сонида эълон қилинган “Йўқ ҳақида бадиҳа” мақоласида “Ўзбекистон - келажаги буюк давлат” шиори бугунги аянчли ҳаëт асосида шубҳа остига олинган эди. Журналистнинг ўзи эса аслида касби тақозосига мос ишни қилгани ва ҳамма кўриб, билиб турган манзарани чизиб берганини таъкидлайди. Зотан, журналистларни дадил бўлишга, вазиятни танқид қилишга ундаш президент Ислом Каримовнинг матбуот анжуманларида қулфи-дили очилганда қиладиган анъанавий чақириқларидандир.

“Журналист эшикдан қўймаса, бошқа жойдан киришга ҳаракат қилиши кераклиги”, “уларнинг тақдири, қисмати шу экани” тўғрисида ҳам Ўзбекистон президенти айтган.

“Биз ҳар томонлама танқидий кўз билан қараб, лекин холисона берилган маслаҳат, тавсиялардан ҳеч қачон четда турмаймиз, яъни ўзимизга маъқул биламиз. Такрор айтаман, танқидий гапириш, лекин холисона гапириш (керак)”, - деган ҳам И.Каримов.

Хуллас, президенти танқидий гапни ўзига маъқул билишини оғизда такрорлашни яхши кўрадиган, аммо мулозимлари танқид қилишга ботинган журналистни оëғини ерга теккизмай сўроққа олиб кетадиган мамлакатда яна бир нашр – ижтимоий-ҳуқуқий, оммабоп газета бўлмиш “Адвокат пресс” ёпилди. Ёпилганда ҳам ҳақиқий ҳаёт ва дабдабали шиорлар ўртасидаги фарқни кўрсатиб берган мақола учун ёпилди.

“Бу жуда қўрқинчли манзарадан дарак берувчи хабар, - дейди П.Бонамур. -Ижтимоий-иқтисодий ҳаëтнинг нақадар оғирлигини Ўзбекистонда ҳамма билиб, ҳис этиб турганига қарамай, ҳукумат бу ҳақиқатни яширишга уринмоқда. Аммо ойни этак билан ëпиб бўлмайди. Ҳақиқатни биров бўлмаса, бошқаси барибир очиқ айтишга жасорат топади”.

П.Бонамур “Йўқ ҳақидаги бадиҳа” муаллифи Д.Саййидни ана шундай жасоратли журналистлардан бири сифатида кўрсатиб, унга нисбатан тазйиқлар Ўзбекистондаги шундоқ ҳам ëмон вазиятнинг янада оғирлашувидан дарак эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, бу воқеанинг алоҳида ташвишли жиҳати келаси ойлар давомида Ўзбекистон ичкарисида тўғри сўз айтадиган журналист деярли қолмаслиги эҳтимолидир.

“Умид қиламанки, мустақил матбуотни қўлловчи халқаро ҳамжамият бу овозларнинг буткул ўчмаслиги учун ëрдам беради ва Дилмурод Саййид каби журналистларнинг ўз ишини давом эттиришини турли йўллар билан рағбатлантиради”, - деди “Чегара билмас мухбирлар” вакили.



Дилмурод Саййид
XS
SM
MD
LG