Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:51

“Қора қул”га айланган миллатни ким ҳимоя қилади?


Ўзбекистон Конституциясининг 22-моддасида мамлакат ўз фуқароларини ўз ҳудудида ҳам, хорижда ҳам ҳуқуқий ҳимоя қилиши ва уларга ҳомийликни кафолатлаши айтилса-да, оддий кишилар аслида бундай эмаслигини таъкидламоқда.

Ўзбекистоннинг қанча фуқароси хорижда ишлаётгани ҳақида расмий статистик маълумот йўқ ёки эълон қилинмаган. Аммо Россияда ишлаб қайтган оддий кишилар биргина мана шу давлатда Ўзбекистоннинг миллиондан ортиқ фуқароси меҳнат қилаётганини айтмоқда. Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий аҳвол оғирлашгандан сўнг миллионлаб одамлар Россия ва Қозоғистонга бориб ишламоқда.

Уларнинг мусофир юртлардаги тақдири ҳам ҳар хил кечади. Кимдир инсофли иш берувчининг қўлига тушса, 3-4 танга орттириб қайтади. Лекин бу ҳам осон эмас. Ўша давлатлар ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўзга давлатдан келган гастарбайтерларни кўп ҳам хушлайвермайди. Уларга ўлжага қарагандек муносабатда бўлади. Мардикорлар эса уларнинг қўлидан фақат пора эвазига қутулиши мумкин.

Одамларнинг айтишича, Россияга бориб ишлаётган ўзбекистонликлар ҳар қандай ҳуқуқлардан маҳрумдир.

“Ўзбекистон Россиядаги ўз фуқароларини умуман ҳимоя қилаётгани йўқ. Уларнинг иши судга тушиб қолганда элчихонамиз ходимлари келиб, ёрдам кўрсатиши ҳақида эса гапирмаса ҳам бўлади. Ўзбекистон фуқаролари чет элда тақдирга ва ўзига ишониб юради”, - дейди суҳбатдошлардан бири.

Россиядан депортация қилинаётган минглаб ўзбекистонликлар милиция бўлимларида ойлаб қолиб кетиб, оғир кунларни бошидан кечиради. Ўзбекистон элчихонаси ва консуллик бўлими эса улар тақдирига бефарқ қарайди.

Россияда ишлаб қайтган йигитларнинг сўзларига кўра, бу ўлкаларда ўзбекларнинг обрўси тушиб кетган.

“Бизни “қора қул” дея ўтиб кетишади. Нафақат Россияда, Қозоғистонда ҳам ўзбекнинг обрўси йўқ. Биз ўзбек халқи қўрқоқ бўлиб қолганмиз. Ҳамма миллат ичида обрўйимиз тушиб кетган. Поездда Россияга кетаверишда Қозоғистонда талончиликка учраймиз. Қозоқларнинг божхоначиси ҳам, рэкетчиси ҳам ўзбекларни талаб келяпти”, - дейди йигитлар.

Ўзбекистон ўз ҳудудидан ташқарида фуқароларининг ҳуқуқларини қанчалик ҳимоя қилаётгани тўғрисида расмий идоралар ҳамон сукут сақламоқда. Хўш, мусофир ўзбеклар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун нима қилмоқ керак?

Ҳуқуқшунос Бахтиёр Шоҳназаровнинг билдиришича, Ўзбекистон Конституцияси мамлакат фуқароларининг ҳимоясини ҳамма жойда кафолатлайди. Бу кафолат амалда ишлаши учун жиддий ҳаракат бошлаш зарур. Тожикистон Россия билан меҳнат миграцияси тўғрисида битим имзолаган. Ўзбекистон ҳам шундай битимни имзолашни тезлатиши керак. Бу битим қанчалик тез имзоланса, Конституциянинг юқорида айтилган моддасини ҳаётга тадбиқ этиш шунчалик тез амалга ошади.
XS
SM
MD
LG