Линклар

2 декабр куни АҚШда олий жазога ҳукм этилган мингинчи маҳбус қатл этилди.


Шу куни Сингапурда ҳам Австралия фуқаросига нисбатан олий жазо ижро этилди. Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари, Европа Иттифоқи давлатлари буни кескин қоралади.
Американинг Шимолий Каролина штатида яшовчи Кеннет Ли Бойд икки фарзанди кўз ўнгида ўз хотини ва қайнотасини отиб ўлдиргани учун 1988 йилда олий жазога хукм қилинган эди.
Австралия фуқароси Нгуен Туонг Ван Сингапурга яширинча 400 грамм героин олиб кираётган пайтида қўлга олинган ва олий жазога ҳукм қилинган. Австралия ҳукумати илтимосига қарамасдан Туонг Ван қатл этилди.
Шу кунларда Германияга сафар қилаётган Сингапур Бош вазири Ли Хсиен Лунг Австралия фуқаросига нисбатан кўрилган чорани оқлашга уринди:
“Биз наркотик контрабандасига жиддий таҳдид сифатида қараймиз. Бу иш билан шуғулланганлар ўлимга ҳукм қилинади. Бу воқеада австралиялик катта миқдорда, яъни, 400 грамм тоза героинни Сингапурга яширинча олиб киришга уринган. Бунча миқдордаги тоза героиндан истеъмол учун тахминан 26 мингта доза героин тайёрлаш мумкин. Бу эса юзлаб, балки минглаб гиёҳвандлар оиласига кулфат олиб кириш, деган гап”, – деди Сингапур Бош вазири.
Европа Иттифоқига аъзо барча давлатлар ўлим жазоси қўллашни бекор қилган. Иттифоқининг Япониядаги вакили Майкл Рейтерер ҳозирга қадар ўлим жазосини бекор қилмаган давлатлар, жумладан Японияни ҳам танқид остига олди. Унга кўра, ўлим жазосига бағишланган халқаро анжуман келаси ҳафта Японияда ўтказилади.
XS
SM
MD
LG