Линклар

logo-print

Шайбон Ўзбекистон адвокатлари уюшмаси ўз нашри бўлмиш “Адвокат-пресс” газетасини конституциявий тузумга қарши чиқишлар қилишда айбламоқда. Аммо уюшма вакиллари бу айбловни рад этаётир.

Бу ҳақда газетанинг штатсиз ходими Дилмурод Саййид маълум қилди. У Швейцария элчихонасида бўлиб, ўзи учун янгилик баъзи гапларни ҳам эшитди.

“У ердаги суҳбатдан англашилишича, элчихонанинг инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланадиган ходимлари адвокатлар уюшмаси билан боғланганда қандайдир жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлган. Бироқ бу жиноят иши менга нисбатанми, газета ёки таҳририятга нисбатанми, ҳали номаълум”, - деди Д.Саййид.

Д.Саййиднинг сўзларига кўра, газета конституциявий тузумга қарши чиқишлар қилишда ҳам айбланмоқда. Хусусан, газета йил давомида гўёки тушкун кайфиятдаги материаллар бериб келгани, танқидий мақолалар асосли эмаслиги айтилмоқда.

“Мени бир ҳолат ўйлантирди. Хўп, биз йил давомида шундай мақолалар бериб борган эканмиз, нега шу пайтгача ё оғзаки ёки ёзма равишда огоҳлантириш бўлмади”, - дейди журналист.

Адвокатлар уюшмаси раҳбарининг ўринбосари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда Д.Саййиднинг айтганлари ҳақиқатдан йироқлигини билдирди. Зеро, ўринбосарнинг таъкидлашича, газетанинг учта муассиси бор. Қандайдир қарорга келиш учун эса муассисларнинг умумий йиғилишини ўтказиш зарур. Бундай йиғилиш ҳали ўтказилмаган.

Уюшма раҳбари ўринбосари газета теварагидаги ҳолатдан муассислар яхши хабардорлиги, бу масала, албатта, ўрганиб чиқилиши билдирди.

Д.Саййид унинг уйига бўлаётган қўнғироқлар сони кўпаяётгани, лекин қўнғироқ қилаётган томонидан ҳеч қандай гап гапирилмаётганини айтар экан, буни ўзига нисбатан таҳдиднинг бир кўриниши ўлароқ баҳолади. Шунга қарамай, журналист бундай хатти-ҳаракатлар уни ўз позициясидан қайтара олмаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Адвокат-пресс” атрофидаги машмашалар унда Д.Саййиднинг “Йўқ ҳақида бадиҳа” сарлавҳали мақоласи эълон қилингандан сўнг бошланган эди. Газетанинг шу мақола чоп этилган сони савдодан йиғиштириб олиниб, таҳририятга газета фаолияти тўхтатилгани ҳақида мактуб йўлланди. Мактуб йўллаган идора - Тошкент шаҳри матбуот ва ахборот бошқармаси бундай чора кўрилишига қандайдир мақола эмас, газета томонидан бир неча қонунбузарликка йўл қўйилгани сабаб бўлганини билдирмоқда.



Дилмурод Саййид
XS
SM
MD
LG