Линклар

МХХ ходими 159-модда бўйича айбланди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Ҳарбий судининг очиқ сайёр суди 2 декабрь куни Жиззахда 6 киши устидан ҳукм чиқарди. Судланувчилар орасида Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими ҳам бор эди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлими раҳбари Бахтиёр Ҳамроевнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, МХХнинг эндиликда собиқ ходими Фарҳод Холматов ўзи билан бирга судланган “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими аъзоларидан пора олганликда айбдор топилган.

“Ф.Холматов қаматиб юбориш билан қўрқитиб, 1999 йилда бахмаллик диндор йигитдан 40 дона терак сўраган. У олиб келиб бормаган. Мазкур иш ўша пайтдан буён чўзилиб келаётган эди. Бошқа судланганлардан ҳам Ф.Холматов шелуха, дераза ойнаси ва бошқа нарсаларни пора сифатида олган”, - деди Б.Ҳамроев.

Ф.Холматов, шунингдек, Жиноят кодексининг 159-моддаси 3-қисми “б” банди (конституциявий тузумга тажовуз қилиш уюшган гуруҳ ёки унинг манфаатларини кўзлаган ҳолда содир этилиши) бўйича ҳам айбланган. Суд ҳукми билан у 15 йилга озодликдан маҳрум этилди.

Б.Ҳамроевнинг сўзларига кўра, судланганлардан Нағмиддин Жувашев 17 йилга, Абдуваҳоб Абдумансуров 12 йилга, Наби Мустафоқулов 5 йилга қамалган. Юсуф Абдумансуров эса 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган, лекин 2002 йилги амнистия бўйича жазодан озод қилинган. Матлуба Ўринбоевага 5 йиллик қамоқ муддати эълон қилинган бўлса-да, уч йил синов муддати белгиланган.

Суд мажлисларида қатнашган Б.Ҳамроевнинг таъкидлашича, ҳукм ўқилишида адвокатларнинг бирортаси ҳам иштирок этмаган. Ҳукм ҳам тўлиқ ўқилмасдан, баъзи жойлари ташлаб кетилган. Муҳим кўрсатма берганларнинг кўрсатмалари ўқилмаган.

Б.Ҳамроев “Ҳизб ут-таҳрир”га аъзоликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилган жиззахликлар сони тахминан 300 нафарга яқинлашиб қолганини билдирди.
XS
SM
MD
LG