Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 07:27

Ўзбеклар қирғизни ўлдирганликда айбланмоқда


Басира Россиянинг Нижний Новгород вилоятидаги Дзержинск шаҳрида қирғизистонлик икки гастарбайтерни ўлдирганликда гумон қилиниб, Ўзбекистоннинг етти фуқароси қўлга олинди.

Нижний Новгород вилояти ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Александр Горбатовнинг сўзларига кўра, жорий йилнинг 23 ноябрь куни Дзержинск шаҳридаги Петришева кўчасида қурилаётган уй ертўласидан қирғизистонлик икки қурувчининг қумга кўмилган мурдаси топилган. Қидирув ишлари натижасида бу жиноятда гумон қилиниб 7 эркак ҳибсга олинган. Уларнинг ҳаммаси Ўзбекистон фуқаросидир.

“Улар (Ўзбекистон фуқаролари) қурилиш объектида ишлаган, Нижний Новгород вилоятида рўйхатдан ўтмаган”, - деди А.Горбатов.

Ўзбекистонлик фуқароларнинг Россияда турли айблар билан ҳибсга олиниши ягона ҳодиса эмас. Куни-кеча Москва шаҳрида ўзбекистонлик уч киши одам ўғирлашда гумон қилиниб, қўлга олинганди.

Россияда ишлаётган ўзбекистонликлардан бири “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бугунги кунда Россияда кўплаб жиноятларда айнан ўзбеклар ва тожикларни айблаш авжига чиқаётганини таъкидлади.

“Ўзбекларга бу ерда яшаш қийин, албатта. Россияда уларга иккинчи даражали одам сифатида қаралади. Ўзбекистондаги диктаторлик режими Россияга ҳам етиб келди”, - деди суҳбатдош.

Гастарбайтерларнинг Россияда ишлаши қийинлашиб бораётганини москвалик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Светлана Ганнушкина ҳам тасдиқлади.

“Россияда гастарбайтерларга қарши катта кампания мавжуд. Улар бугун мамлакатда илдиз отаётган тузум қурбонига айланмоқда. Уларни жиноятчи қилиш осон. Мана, тасодифий йўл билан бирор айбдор танланади. Тергов органлари қўлига ким тушса, ўшани шундоққина жиноятчи қила қолади. Табиийки, бундай ҳолатларда кучсизлар ва ҳимоясизлар танланади. Бу ерда ишлашга келган, қариндошлари бўлмаган, моддий имконияти йўқ кишилар ушбу анъана қурбони бўлади. Буни энди анъана эмас, ривожланган амалиёт дейиш мумкин”, - деди С.Ганнушкина.

Ҳуқуқ ҳимоячиси мардикорлар қонун бузиши мумкинлиги, лекин бу жиноий эмас, маъмурий қонунбузарлик эканини таъкидлаб, давлатнинг ўзи шунга мажбур қилаётганини айтади.

“Одамлар ишлашга рухсат ололмайди. Улар рўйхатдан ўта олмайди ва қонуннинг қаттиқлиги туфайли келиб чиқаётган маъмурий ҳуқуқбузарликка йўл қўяди”, - деди С.Ганнушкина.

Россия ўзбекистонликлар учун тобора хавфли давлатга айбланиб бораётган шундай шароитда Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси ходимлари ўз мамлакати фуқаролари тақдирига беэътибор қаратаётгани кўп бор танқид қилиняпти. Нижний Новгороддаги воқеадан ҳам элчихона ходимларининг хабари йўқлиги маълум бўлди. Консуллик бўлими ходимларини эса топишнинг ҳам имкони бўлмади.
XS
SM
MD
LG