Линклар

logo-print

Сенаторларнинг “якдил”лиги сабаблари нимада?

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг 2 декабрь куни бўлиб ўтган 4-ялпи мажлисида Сенат раиси Мурод Шарифхўжаев негадир иштирок этмади. Мажлисни раис ўринбосари Фарруха Муҳитдинова бошқарди.

Мажлисда Молия вазирнинг биринчи ўринбосари Баҳром Ашрафхонов Ўзбекистоннинг 2006 йилги давлат бюджети лойиҳаси тўғрисида маъруза қилди. Унинг сўзларига кўра, лойиҳада бюджетнинг даромади 3 триллион 992 миллиард сўмдан кўпроқ бўлиши белгиланган. Давлат бюджети тақчиллиги 271 миллиард сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг ҳажмининг 1,5 фоизи миқдорида бўлиши кутилмоқда. Бу тақчилликни давлат облигациялари чиқариш ва бошқа ноинфляциявий манбалар ҳисобига қоплаш мўлжаланмоқда.

Б.Ашрафхоновнинг таъкидлашича, 2006 йилда иқтисодиётга солиқ юкини янада камайтириш назарда тутилган. Жумладан, юридик шахслардан олинадиган даромад солиғи 15 фоиздан 12 фоизгача пасайтирилади. Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг юқори ставкаси 30 фоиздан 29 фоизгача, ўрта ставкаси 21 фоиздан 20 фоизгача пасайтирилади.

Музокарага чиққан сенаторлар давлат бюджети лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Улар бюджетнинг бирор бандига эътироз билдиргани йўқ.

Хўш, ўзбек сенаторлари нега бошқа давлатлардаги ҳамкасблари каби бюджет масаласида талашиб-тортишмайди ёки бюджет лойиҳаси ҳақиқатан ҳам ҳавас қилса арзигуликми?

“Озодлик” мухбирининг бу саволларига аксарият сенаторлар жавоб беришни истамади. Қорақалпоғистонлик сенатор Оғатой Одиловнинг жавоби эса бундай бўлди: “Биринчидан, бу лойиҳа устида чуқур билимга эга мутахассислар ишлаган. Иккинчидан, бизнинг улардан ошириб қўшадиганимиз кам бўлади. Лекин бирор фикримиз бўлса, Молия вазирлигига ёки Сенат қўмитасига киритиш имкониятига эгамиз. Шунинг учун биз лойиҳага рози бўламиз”.

Бухоро вилоятилик сенатор Аъзам Латиповнинг таъкидлашича, давлат бюджети лойиҳаси аввал Сенат қўмиталарида кўриб чиқилади. Агар унга эътирозлар бўлса, ўша пайтда айтилади.

Сенатнинг шу кунги мажлисида банкротлик, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун юридик шахсларнинг жавобгарлиги тўғрисидаги ва ҳоказо ўнлаб қонунларга қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қарорлар тасдиқланди.
XS
SM
MD
LG