Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:31

Янги ҳамжамият МДҲга соя соладими?


2 декабрь куни Киевда Шарқий Европа ва баъзи постсовет мамлакатларидан иборат “Демократик танлов ҳамжамияти” номли янги халқаро тузилма ташкил этилгани эълон қилинди.

Мазкур ташкилотга Украина, Грузия, Молдова, Эстония, Латвия, Литва, Македония, Руминия ва Словения аъзо бўлди.

Украина президенти Виктор Юшенко бу тузилма учинчи бир давлатга ёки ёки ташкилотга қарши қаратилмагани, аксинча “дўстлар учун, демократия ривожи ва қонун тантанаси ғоялари тарафдорларининг очиқ мулоқоти учун хизмат қилувчи восита” эканини таъкидлади.

Демократик танлов ҳамжамиятини тузиш билан якунланган халқаро учрашувга унга аъзо бўлган 9 давлат раҳбарларидан ташқари Озарбойжон, Болгария, Чехия, Польша ва Венгрия ҳукумат делегациялари ҳам қатнашди. Бундан ташқари, Киев учрашувида АҚШ, Европа Иттифоқи, ЕХҲТ ва БМТ вакиллари иштирок этди. Хабарларга қараганда, Россия президенти учрашувга қатнашиш таклифини рад этган.

Янги тузилма Украина ва Грузия президентлари Виктор Юшенко ва Михаил Саакашвили ташаббуси билан тузилди. Бу икки президент жорий йил августда Грузиянинг Боржоми шаҳрида учрашиб, “Боржоми декларацияси”ни қабул қилганди.

В.Юшенко Демократик танлов ҳамжамиятининг асосий принциплари тўғрисида гапириб: “(Ташкилот) барқарорликка эришиш, хусусан, мавжуд зиддиятларга барҳам бериш орқали минтақамизнинг иқтисодий имкониятларини ишга солиш учун шароит яратади. Шу тариқа биз сиёсий барқарорликка, Европа қитъасининг шарқи ва ғарби ўртасидаги иқтисодий алоқаларнинг қайта тикланишига ҳамда ҳар бир давлатнинг ривожига ҳисса қўшган бўламиз”, - деди.

Баъзи таҳлилчилар, масалан, грузиялик Рамаз Сакварелидзе Демократик танлов ҳамжамияти МДҲ билан рақобат қила бошлашини мумкинлигини тахмин қилди. Бу тахминга жор борлигига, яъни ҳамжамиятга кирувчилар бу ташкилотни шунчаки бир клуб сифатида эмас, балки анча жиддий тузилма сифатида кўраётганига Молдавия президенти Владимир Ворониннинг қуйидаги гапи ҳам ишора бўлади: “Ҳамжамиятимиз Европа йўналишини танлаб олган мамлакатларнинг ўзаро интеграциялашуви сифатида ўзининг парламент ассамблеясини тузиш, бозорларини ҳамда гуманитар захираларини умумийлаштиришга ҳаракат қилиши даркор”.

В.Ворониннинг фикрича, Демократик танлов ҳамжамияти унга аъзо мамлакатларни Европа Иттифоқига олиб кирувчи йўлдир.
XS
SM
MD
LG