Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:53

Ўзбекистонда маҳкумларга амнистия эълон қилинди


Шайбон Ўзбекистон Конституциясининг 13 йиллиги муносабати билан эълон қилинган амнистияда аввалги йиллардагидан фарқли ўлароқ, диний эътиқоди учун қамоқда сақланаётган маҳбусларни озод қилиш назарда тутилмаган.

Сенат томонидан қабул қилинган амнистия тўғрисидаги қарорда айтилишича, авф биринчи марта содир этган жиноятлари учун аёл маҳкумлар, жиноят содир этган вақтда 18 ёшга тўлмаган шахслар, амнистия кучга киргунга қадар 60 ёшга тўлган эркаклар, жиноят содир қилгунига қадар доимий яшаш жойи Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган, озод этилганидан кейин мамлакатда бўлиш учун қонуний асослар бўлмаган чет эл фуқароларига нисбатан қўлланилади.

Қарорда эҳтиётсизлик орқасида жиноят содир этганлар, биринчи марта ҳукм қилинган шахслар ҳам (ижтимоий хавфи катта бўлмаган ёки ўта оғир жиноят содир этмаган бўлса) жазони ўташдан озод этилиши айтилган.

Амнистия қарор кучга киргунга қадар бир йилдан ошмаган муддат ичида қонунда белгиланган тартибда жазони ўташга тўсқинлик қиладиган оғир касаликка чалинган ёки биринчи ва иккинчи гуруҳ ногиронлари деб топилган маҳкумларга ҳам тегишлидир.

Амнистия асосида айни пайтда ҳисбда сақланаётган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ҳам озод қилиниши мумкинми?

М.Тожибоеванинг жамоатчи ҳимоячиси Абдусалом Эргашев бу саволга жавоб берар экан: “Унинг иши амнистияда кўзда тутилган шартларга тушади. Лекин ҳукуматга номаъқул кишилар бир неча йиллардан буён амнистияга туширилмай келиняпти. Уларга амнистияга тушишига тўсқинлик қилувчи турли қўшимча айблар қўйиляпти. Масалан, одатда улар жазони ўташ тартибини бузишда айбланади”, - деди.

Дарҳақиқат, қарорда амнистия ўта хавфли рецидивистларга ва жазони ўташ тартибини мунтазам равишда бузаётган шахсларга, шунингдек, тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши жиноятлар содир қилгани учун ҳукм қилинган шахсларга тадбиқ этилмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромовнинг фикрича, “тақиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки учун” амнистия қўлланилмайдиган шахсларга диний эътиқоди учун қамалганлар ҳам киритилиши аниқ. Чунки бу тоифа маҳбуслар, асосан, айнан тақиқланган ташкилотларга аъзоликда айбланиб қамалган.

А.Эргашев ҳам С.Икромовнинг фикрини қўллаб-қувватлаб, амнистияга тушмайдиганлар сафида мухолифатнинг қамоқдаги вакиллари ҳам бўлишини қўшимча қилди.

Аммо адвокат Ҳусан Маҳбубов амнистия қўлланилмаслиги назарда тутилган бандларда мухолифатдаги партиялар аъзоларига тегишли ҳеч қандай таъкид йўқлигини билдирди.

Сенатнинг амнистия тўғрисидаги қарори у эълон қилинган кундан, яъни 2 декабрдан бошлаб расман кучга кирди.
XS
SM
MD
LG