Линклар

Феруза Ўзбекистонда Андижон воқеаларида иштирок этганликда айбланганларнинг навбатдаги гуруҳи устидан суд жараёнлари ниҳоясига етди. 25 судланувчи 12 йилдан 22 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилди.

Электрон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон Олий судининг бу ҳақдаги хабарномаси эълон қилинди.

“Андижон шаҳрида шу йилнинг 12-13 май кунлари содир этилган қўпорувчилик ҳаракатларини ва бошқа ўта оғир жиноятларни амалга оширганликда айбланган 13 киши устидан Тошкент вилояти, 12 киши устидан эса Тошкент шаҳри жиноят ишлари судларида суд жараёнлари ниҳоясига етди. Тошкент вилояти суди қарорига кўра, 13 судланувчи 12 йилдан 20 йилгача, Тошкент шаҳри суди қарорига кўра, 12 судланувчи 12 йилдан 22 йилгача озодликдан маҳрум этилди”, - дейилади хабарномада.

Унда айтилишича, судланувчиларнинг барчаси бир неча оғир жиноятларни амалга оширганликлари, жумладан, қасддан одам ўлдириш, терроризм ва конституциявий тузумга тажовуз қилганига иқрор бўлган.

Қизиғи шундаки, Андижон воқеаларига алоқадорликда айбланган бу шахсларнинг жазоланиши ҳақида Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари, мустақил инсон ҳуқуқи ҳимоячилари ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини маълум бўлди.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубовнинг сўзларига кўра, бундай суд жараёнлари хусусида ҳеч қандай маълумот олиш имкони бўлмаяпти. Ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири Тўйтепада ўтказилган суд жараёнига борган, аммо киритилмаган.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Ўзбекистондаги вакиласи Алисон Гилл ҳам бўлиб ўтган суд жараёнлари ҳақида тўлиқ маълумотларга эга эмаслигини билдирди.

“Чунки суд жараёнлари ёпиқ тарзда ўтди. Уларда кузатувчи сифатида қатнашиш мақсадида қилган барча саъй-ҳаракатларимиз ҳеч қандай натижа бермади. Ўзбекистон расмийлари бизга рухсатнома бериш масъулиятини бир-бирига юклашдан нарига ўтмади”, - деди А.Гилл.
XS
SM
MD
LG