Линклар

logo-print

Немис Ғайратжон ўзбекларга сув тозалашни ўргатмоқда


Лобар Сирдарё вилоятининг бир қанча туманларида аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш жуда катта муаммо бўлиб турибди. Кишилар анча йиллардан буён ариқ сувини ичишга мажбур бўлмоқда.

Боёвут, Сардоба, Мирзаобод ва Ховос туманларида яшовчи аҳоли салкам 10 йилдан буён ариқлардан сув ичади. Улар ариқ сувига ўрганиб ҳам қолганини, баъзан эса шунга ҳам зор бўлаетганини айтди.

“Ариқ суви қуриса, халқ кўлмак сувини ичади. Илгари ҳовуздан сув олинарди. Ҳозир бу ҳам йўқ. Биз томонга водопровод келмаса ҳам керак”, - дейди мазкур туманлар аҳли.

Очиқ ҳавзалардан сув ичиш оқибатида аҳоли орасида турли юқумли касалликлар кўпаймоқда.

“Ариқда болалар чўмилади. Кир чайилади. Одамлар молларини ҳам чўмилтиради. Бу бу ёқдан олиб ичаверамиз. Шунинг учун томоқ оғриғи, яра-чақа жуда кўпайган”, - дейди сирдарёликлар.

Норасмий маълумотларга кўра, жорий йилнинг ёз мавсумида вилоят бўйича 9 киши юқумли касалликлардан вафот этган. Мутахассислар бу касалликлар бўйича аниқ ташхис қўя олмаган.

Ичимлик сув муаммосини ҳал қилиш мақсадида Халқаро қўшма ривожланиш бирлашмаси 3 йилдан буён “Ўзбекистонда сув тозалаш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа очиқ ҳавзалардан олинган сувни қуёш нури ёрдамида зарарсизлантириш йўлини оддий фуқароларга ўргатишни кўзда тутади. Сувни зарарсизлантиришнинг бу йўли “Содис усули” номини олган.

“Ўзбекча отим Ғайратжон. Биз Содис усули бўйича Фарғона вилоятида бир йил тажриба ўтказдик. Умуман, бутун дунёда ўтказган тажрибаларимиз натижаси яхши. Сув билан боғлиқ касалликлар деярли 50 фоиз камайиши кузатиляпти. Биз иш олиб борган жойларда гижжа, гепатит, диарея, ич кетиш касалликлари камайди”, - дейди Содис маркази консультанти Герҳард Кауц.

Унинг айтишича, Содис усули, яъни баклашканинг бир томонини қора рангга бўяб, қуёш нурига 6 соат қўйиш йўли билан сув тозалашни фақат ёз ойларидагина амалга ошириш мумкин. Баклажкага кам сув кетиши ҳам бу усулнинг камчиликларидан биридир.

Содис усулини жорий этиш марказининг Қўқон бўлими мувофиқлаштирувчиси Рашид Умаровнинг билдиришича, айни пайтда лойиҳанинг 3-босқичи амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистоннинг 2 мингдан ортиқ қишлоғида тоза ичимлик сув йўқ. Бу миллионлаб одам тоза сув ичиш имкониятига эга эмас, деганидир. Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан келишувимиз бўйича бу усулни бошқа вилоятларга ҳам ёйиш кўзда тутилган”, - деди Р.Умаров.
XS
SM
MD
LG