Линклар

Кўрнинг аҳволи Россияда ҳам шу


Басира Россиядаги кўзи ожизларнинг бугунги аҳволи ҳам ўзбекистонлик тақдирдошлариникидан кўп фарқ қилмайди. Зеро, улар орасида ҳам тирикчилик ўтказиш учун тиланчилик қилишдан бошқа иложи қолмаганлар анчагина топилади.

Маълумотларга кўра, Россияда бугунги кунда 270 минг кўзи ожиз фуқаро бор. Бироқ уларнинг ҳаммасини ҳам ижтимоий таъминланган, деб бўлмайди. Улар кун кечириш учун бирор нарса ясаб сотади ёки уйидаги рўзғор буюмларини сотишга мажбур бўлади.

Москва марказидаги йўлакларда бирида қўшиқ айтиб, тиланчилик қилаётган кўзи ожиз икки аёлни тез-тез учратиш мумкин. Улар москвалик эмас. Бу аёллар Калуга вилоятидан ҳафтада бир неча марта пойтахтга келади. Бу ерда уларнинг яшаш жойи йўқ. Аёллар кун ўтказиш учун қўшиқ айтиб, тиланчилик қилади.

“Агар яшашимиз яхши бўлганида бу ерга келмас эдик. Калуга вилоятидан Москвагача яқин йўл эмас”, - дейди аёллар.

Россиялик кўзи ожизлар ўзларига бериладиган нафақа кун кечиришга етмаётганидан нолийди. Улар ўртача 3 минг россия рубли атрофида нафақа олади. Бу тахминан 107 АҚШ долларини ташкил этади. Нафақанинг минг рубли коммунал тўловларига кетади. Қолган 2 мингини эса бир ойга етказиш керак. Москвада ўртача ойлик 12 минг рубль экани инобатга олинса, 3 минг рублдан иборат нафақа кун кечиришга етмайслиги ойдинлашади. Шу боис, кўпгина кўзи ожизлар калугалик икки аёл сингари тиланчилик орқасидан тирикчилик қилади.

Калугалик суҳбатдошларнинг айтишича, пойтахтдаги кўзи ожизларга оз бўлса-да, Москва ҳукумати томонидан ёрдам кўрсатилади. Уларга ишлаши учун ҳам шароит бор.

Москвадаги кўзи ожизлар ишлайдиган корхоналар баҳоли қудрат фаолият кўрсатмоқда. Аммо мамлакатнинг бошқа ҳудудларидаги бундай корхоналар ўзини ўзи қоплай олмай қолган.

“Бизда корхоналар умуман ёпилиш арафасида. Ташкилотимиз (кўзи ожизлар жамияти) бизга ёрдам бераётгани йўқ”, - дейди калугалик аёллар.

Улар ҳам илгари Калугадаги кўзи ожизлар корхонасида ишлаган. Турли хил хўжалик маҳсулотлари ишлаб чиқарган. Бироқ бу корхона ёпилиш арафасида бўлгани боис, пойтахтга келиб, қўшиқ айтиб, садақа сўраб кун кечиришдан бошқа иложи қолмаган.

Уларнинг садақадан тушадиган кундалик тушуми тахминан 600 рублни ташкил этади. Баъзан эса бундан ҳам камроқ тушади. Шундай бўлса-да, ёши ўтган бу аёллар топган пули озиқ-овқат олиб ейишига етиб турганидан хурсанд.

Хуллас, уларнинг дарди ҳам ўзбекистонлик кўзи ожизларникига ўхшаш. Россиялик кўзи ожизлар ҳам давлат тўлайдиган нафақа етмаганидан сўнг Ўзбекистондаги кўпгина тақдирдошларига ўхшаб, қўшиқ айтиб, тиланчилик қилади. Уларнинг фарқи битта - россиялик кўзи ожиз тиланчилар рус халқ қўшиқларини куйласа, ўзбекистонликлар ўзбекча қўшиқларни хиргойи қилади.
XS
SM
MD
LG