Линклар

logo-print

Украиналик журналистлар сайловни ёрита олмади


Шайбон Қозоғистонда 4 декабрь куни бўлиб ўтган президент сайлови чоғида украиналик журналистлар ҳибсга олиниб, уларнинг мазкур тадбирдаги иштироки чеклаб қўйилди.

Ҳибсга олинганлардан бири Украинанинг “Ратуша” газетаси мухбири Игорь Маркиндир.

“Бизни яшаш жойдан рўйхатдан ўтиш қоидаларини бузишда айблаб ҳибсга олишди. 30 ноябрь куни Қозоғистон полицияси рейд ўтказиб, офисимизга кириб келди ва мен билан бирга яна беш касбдошимни олиб кетди. Шу заҳоти миграция полицияси вакиллари етиб келиб, уч касбдошимнинг Қозоғистонда қолиш муддатини қисқартирди”, - деди И.Маркин “Озодлик” мухбири билан суҳбатда.

Унинг таъкидлашича, сайловга 4 кун қолганда украиналик уч журналистнинг Қозоғистонда қолиш муддати қисқартирилиши сабаблари хусусида полиция изоҳ бермаган. Журналистлар дастлаб беш кун муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Аммо 4 декабрь куни суд белгилаган жазо бир кунга қисқартирилиб, улар 5 декабрь куни Қозоғистондан чиқариб юборилган.

Кўпчилик кузатувчилар полициянинг бу ҳаракатини украиналик журналистлардан инқилоб элчилари сифатида қўрқиш натижаси ўлароқ изоҳламоқда.

“Менинг фикримча ҳам “рангли инқилоблар”дан қўрқиш бунинг асосий сабаби бўлса керак. Аммо касбдошларим хавотир уйғотиши мумкин бўлган ҳеч қандай хатти-ҳаракатга қўл ургани йўқ. Улар ҳатто мамлакатдаги вазиятдан ижобий фикрда эди”, - деди И.Маркин.

Журналистнинг билдиришича, “Ратуша”нинг Олмаотадаги мухбирлик бўлимида бундай текширишлар аввалари ҳам ўтказилган. Шундай усул билан илгари мамлакатдан халқаро ташкилотлар вакиллари, ОАВ фаолиятини мониторинг қилувчи ташкилотлар ҳам чиқариб юборилган.
XS
SM
MD
LG