Линклар

logo-print

“Ш.Убайдуллаев: “Назарбоевнинг хизмати шуки, “қозоқ” сўзини ифтихор билан айтишга асос яратиб берди”

  • Садриддин Ашур

Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Тлеуген Қабдраҳмонов мазкур мамлакатда 4 декабрь куни бўлиб ўтган президент сайлови натижалари юзасидан матбуот анжумани ўтказди.


Тлеуген Қабдраҳмонов


Унинг сўзларига қараганда, Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг дастлабки хулосаларига кўра, амалдаги президент Нурсултон Назарбоев сайловчиларнинг 91 фоиз овозини олган. Сайлов жараёнини хориж давлатларининг 1634 нафар, жумладан, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг 474 кузатувчиси кузатиб борган.

Элчи Н.Назарбоевнинг мутлақ устунлик билан ғалаба қозонишининг асосий сабаби унинг иқтисодий ислоҳотларни жадаллик билан олиб бораётганида эканини таъкидлади.





“Бу йил ялпи ички маҳсулотнинг 9 фоиз ўсиши кутилмоқда. Энг қувончлиси, ҳозир аҳоли жон бошига ишлаб чиқарилаётган ялпи ички маҳсулот ҳажми 3000 АҚШ долларига тўғри келяпти. 2008 йилга бориб бу кўрсаткич икки баравар ошади”, - деди Т.Қабдраҳмонов.

Унинг билдиришича, Қозоғистондаги сайлов эркин ва демократик руҳда ўтган. Сайловда мухолифатдаги партиялар вакиллари ҳам иштирок этган. Илк бор номзодлар вакилларига сайлов натижаларини санашда бевосита иштирок этиш ҳуқуқи берилган.

Хўш, Қозоғистондаги сайловга ўзбекистонлик таҳлилчилар қандай муносабат билдиряпти?

Таҳлилчи Шароф Убайдуллаевнинг фикрича, Қозоғистонда фикр ва сўз эркинлиги бор. Номзодларнинг тўғридан-тўғри телемусоҳабаларда қатнашганини бутун халқ кўрган. Сайловдан кейинги биринчи интервьюсидаёқ Н.Назарбоев мухолифатнинг фикрини ҳурмат қилишини билдирган.

“Ўзбекистонда эса президентлик сайловида фақат қўғирчоқ муқобил номзодлар қатнашган эди. Ҳатто ўтган президент сайловида номзод Абдулҳафиз Жалолов сайловдаги рақиби Ислом Каримовга овоз берганини барчага баралла айтганди. Шу боис, мен Ўзбекистоннинг бугунги аҳволга тушиб қолишига биринчи айбдор Оқсарой атрофидаги маддоҳлар, деб биламан”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Таҳлилчи Қозоғистондаги иқтисодий ўсиш ва юксалиш у ерда бўлиб ўтган сайлов натижаларида ўз аксини топганини, бунга камбағалликдан нисбатан ўзига тўқ яшашга ўтган халқнинг иродаси сифатида қараш кераклигини таъкидлади.

“Қозоғистоннинг бюджети совет давридагидан 3 баробар ошиб кетди. Н.Назарбоевнинг хизмати шундаки, “қозоқ”, “Қозоғистон” сўзларини ифтихор билан айтишга асос яратиб берди”, - деди Ш.Убайдуллаев.

“Сиёсат” ахборот-таҳлил маркази эксперти Шарофиддин Тўлаганов Н.Назарбоевнинг сайловда 91 фоиз овоз тўплагани Қозоғистоннинг иқтисодий ўсиши билан боғланаётганига қўшилмасигини билдирди. Унинг таъкидлашича, сайловнинг бундай якунлашига қўшни Қирғизистонда бошбошдоқлик сабабдир. Зеро, Қирғизистондаги бундай ҳолат Шарқда “рангли инқилоблар” нимага олиб келишини кўрсатиб берган. Қозоғистонликлар мухолифат ҳокимият тепасига келадиган бўлса, Қирғизистондаги воқеалар такрорланишидан қўрққани учун амалдаги президентга кўпроқ овоз берган.
XS
SM
MD
LG