Линклар

Қозоғистонлик ўзбеклар сайловда фаол иштирок этди


Қозоғистонда бўлиб ўтган президент сайловида маҳаллий ўзбеклар ҳам фаол иштирок этди. Уларнинг аксарияти амалдаги давлат бошлиғи Нурсултон Назарбоевни қўллаб овоз берди.

Жанубий Қозоғистоннинг Сайрам тумани аҳолисининг 64 фоизини ўзбеклар ташкил этади. Улар, асосан, Қозоғистон президентлигига номзодини қўйган беш кишидан иккитасига, яъни Н.Назарбоев ва мухолифат етакчиси Жармахон Туяқбой тарафдорларига бўлинди. Албатта, Н.Назарбоев тарафдорлари кўпчиликни ташкил этди.

Сайрам туманида 86 та сайлов участкаси ташкил этилди. Мухолифат вакиллари уларда анча-мунча қонунбузарликларга йўқ қўйилганини билдирди. Бундай ҳолат Оқсувкент қишлоғидаги 986-сайлов участкасида ҳам кузатилди. Мухолифат вакиллари қонунбузарликлар, асосан, Н.Назарбоев фойдасини кўзлаб амалга оширилганини таъкидламоқда.

“Сайлов участкасида Н.Назарбоев сайлов штаби томонидан тайинланган шахс ушланди. Унинг сайлов участкасида кузатувчи сифатида қатнашиши учун махсус ҳужжати йўқ экан. Бу сайлов қонунчилигининг қўпол равишда бузилишидир”, - дейди 986-сайлов учаскасида бўлган маҳаллий кузатувчи Расул Қодиров.

Асосан, ўзбеклар яшайдиган Қорабулоқ қишлоғидаги 616-сайлов участкасида ҳам қонунбузарлик содир этилди.

“Мен мустақил газета мухбири сифатида сайлов жараёнини ёритиш учун келгандим. Қўлимда керакли барча ҳужжатларим бўлгани ҳолда мени сайлов участкасига қўйишмади”, - деди “Сайрам садоси” газетаси мухбири Жусбой Жабборов.

Маълумотларга кўра, қозоғистонлик ўзбек сайловчиларинг 62 фоизи президент сайловида иштирок этди. Уларнинг 30-35 фоизи ёшлардир. Аммо “Озодлик” мухбири сайрамлик ёшларда сайловга нисбатан бепарволикни кузатди.

Оқсувкентлик 31 ёшли Жамила Абдураимованинг билдиришича, аксарият ўзбеклар Жармахон Туяқбойни президент сифатида кўришни хоҳлаяпти. Чунки у маҳаллий ўзбеклар билан боғлиқ бир қанча муаммоларни ҳал қилишга ваъда берган ва кўпчилик бунга ишонади.

Нурмуҳаммад эса Н.Назарбоев номзоди учун овоз берди. Унинг айтишича, бошқа бирорта номзодга овоз беришнинг умуман ҳожати йўқ.
XS
SM
MD
LG