Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:56

Амнистия кимларга тадбиқ этилади?


Шайбон Ўзбекистонда амнистия эълон қилингандан сўнг айрим тингловчилар мазкур ҳужжатнинг баъзи бандлари юзасидан саволлар пайдо бўлаётгани, аммо жавоб топиш мушкуллигини айтиб, “Озодлик” радиосига мурожаат қилмоқда.

Бу саволларга жавоб олиш учун Жазони ижро этиш бош бошқармасига қилинган мурожаатларга жавоб олиш бирмунча қийин бўлди. Шунинг учун “Озодлик” мухбири Тошкент шаҳри адвокатлари уюшмаси раҳбари Гулнора Эшонхоновадан бу саволларга жавоб топишда кўмак сўради.

Самарқандлик тингловчининг айтишича, унинг куёви шу кунларда жазо муддатини ўтамоқда. Яқинда унинг сил касаллигининг оғир кўриниши билан оғриётгани маълум бўлган. Аммо унинг касаллиги авф эълон қилиб бўлингач аниқланган. Шундай экан, эълон қилинган авф унга ҳам тадбиқ этиладими?

Г.Эшонхонованинг билдиришича, қарор ОАВда эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланган. Аммо одатда бу муддат қарор эълон қилинган куннинг эртасидан ҳисоблана бошланади. Шу боис, агар маҳбуснинг оғир хасталикка чалингани амнистия эълон қилинган куннинг эртасига аниқ бўлган бўлса, у авфдан умид қилиши мумкин.

“Аммо маҳбусга касаллик қарор кучга киргач аниқлангани ҳам айтилиши мумкин. Қанчалар шафқатсиз кўринмасин, қарор ўз номи билан қарор, унга амал қилиниши шарт”, - деди адвокат.

Тошкент тингловчилардан бири опаси “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқимига алоқадорликда айбланиб, озодликдан маҳрум этилганини, у биринчи марта ҳукм қилингани ва аёл экани ҳисобга олиниб, амнистия қилиниши мумкинми ёки йўқлигини сўраган.

Г.Эшонхонованинг таъкидлашича, тилга олинган ҳолат бўйича айбланаётган шахс ўн йилдан ортиқ муддатга озодликдан маҳрум қилинса, унинг муддати ўта оғир жиноят тури сифатида тоифаланади. Ўн йилга қадар бўлса, оғир жиноят сифатида талқин қилинади. Агар тингловчининг опаси конституциявий тузумга тажовуз қилишда айбланган бўлса, унга авф тадбиқ этилмайди. Акс ҳолда эса унинг аёллиги ва биринчи марта ҳукм қилингани инобатга олиниб, авф этилиши ҳам мумкин. Бу ўринда гап ҳукмни қандай талқин қилишда қолади.

Марғилонлик тингловчининг сўзларига кўра, унинг яқинларидан бири жазони ўташ пайтида ички тартибни бузганликда айбланиб, айрим чекловларга йўлиққан. У бу қариндошининг амнистия этилиш эҳтимоли қанчалик эканини сўраган.

Г.Эшонхонованинг айтишича, бу маҳкум, агар маъмурият истаса, амнистияга тушадиганлар рўйхатидан автоматик тарзда ўчириб ташланиши мумкин. Қарорда ички тартибни мунтазам равишда бузганлар ҳақида гап боради. Аммо маҳкум бу ишни ўзи билган ёки билмаган ҳолда қилган бўлиши мумкин. Агар у мунтазам қоидабузар бўлмаса, билмаган ҳолда қоида бузган бўлса, бундай ҳолатда судга мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

“Аслида эса агар биз фуқаролар ўз ҳуқуқини билиши ва қандай ҳимоя қила олишни англаши учун фақат қарорнигина эмас, унга изоҳни ҳам кенг омма учун эълон қилишимиз шарт. Шундагина ҳар бир фуқаро ўзида туғилган саволга жавоб топади ва жазони ижро этиш муаасасаси ходимларидан қарор изоҳида кўрсатилгандек иш тутишни талаб қила олади. Аммо, билишимча, бу қарорга изоҳ фақат ўша муассасалар учун чиқарилади, кенг омма эса ундан бехабар қолади. Назаримда, бу амалиётдан воз кечиш мақсадга мувофиқ”, - деди Г.Эшонхонова.
XS
SM
MD
LG