Линклар

logo-print

Демократия бўлмаса, ОАВнинг аҳволи ҳам ўзгармайди


Тўлқин Ўзбекистон Конституциясининг 67-моддасида мамлакатда матбуот эркинлиги тўла кафолатланган бўлса-да, мавжуд ҳолат бунинг аксини кўрсатишини таъкидлаётганлар жуда кўп учрайди.

Мамлакатда цензура мавжудлиги ёки йўқлиги журналистларнинг ўзига қанчалик аён бўлмасин, ҳақиқий аҳвол қандайлигини фақат ўқувчи, томошабин ва тингловчи белгилайди.

“Ўзбекистон ОАВ ҳамма нарсани яширади. Ҳеч нарса очиқ-ошкора кўрсатилмайди. Чет элларда журналистлар жуда эркин ишлайди. Бизда ҳам шундай бўлишини истаймиз”, - дейди суҳбатдошлар.

Ўзбекистонда 800 дан ортиқ оммавий ахборот воситаси бор. Суҳбатдошлар уларнинг барчаси деярли бир хил эканини таъкидлайди.

“Бизда газетани тўлдириш учун мақола ёзилади. Ҳақиқий ҳаёт эса бутунлай бошқача. Шунинг учун газеталарнинг бизга қизиғи йўқ”, - дейди муштарийлар.

Гарчи Конституцияда цензурага йўл қўйилмаслиги белгилган бўлса-да, бундан бир неча йил илгари цензура расман бекор қилинди. Шундан сўнг бу масалада жавобгарлик масъулияти, маҳаллий журналистларнинг айтишича, ОАВ раҳбарларининг ўзига юклатилди. Бу эса, кузатувчиларнинг таъкидлашича, муҳаррирларнинг эҳтиёткорлигини янада ошириб, цензурани янада кучайтириб юборди.

Муҳаррирларнинг бу ҳушёрлигини ҳукумат мажлисларининг бирида ҳатто президент Ислом Каримовнинг ўзи ҳам танқид қилганди.

“Булар мендан кўпроқ тушунадимики, мен гапирган гапларни ҳам текислаб кўрсатиши баъзи вақтларда ўзимни ҳам ҳайратда қолдиради”, - деган эди Ўзбекистон раҳбари.

Хўш, унда ўзбекистонликлар ахборотни қайси матбуотдан кўпроқ олади?

Суҳбатдошларнинг айримлари асосий ахборотларни маҳаллий матбуотдан олишини билдирди.

Аммо баъзилар: “Россия матбуоти ишончлироқ маълумотлар тарқатади. Шунинг учун кўпроқ уларни ўқиймиз ва кўрамиз”, - деди.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ғанихон Маматхоновнинг сўзларига кўра, ҳозирги мавжуд тузум бор экан, цензура йўқолмайди. Мамлакатда демократия бўлмаса, ОАВдаги аҳвол ҳам ўзгармайди.
XS
SM
MD
LG