Линклар

logo-print

Бу ҳали ҳаммаси эмас

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Германия Федератив Республикаси, Франция, Покистон, Украина, Тожикистондаги фавқулодда ва мухтор элчиларини чақириб олиб, уларнинг ўрнига янгиларини тайинлади.

Расмий ташкилотлар бу ўзгаришларнинг сабаблари ҳақида аниқ изоҳ билдирмаяпти, фақат: “элчиларнинг муддати тугаган бўлиши мумкин, шунга чақиртирилгандир”, деган ноаниқ тахминни айтяпти, холос.

Расмийларнинг бу сукутига зид равишда ўзбекистонлик таҳлилчилар
бошқа фикрларни илгари сурмоқда. Жумладан, элчиларнинг ўзгартирилишини Ўзбекистоннинг Ғарбга нисбатан ўзгариб бораётган сиёсати натижаси ўлароқ кўраётганлар ҳам бор.

Олий Мажлис Сенати, шунингдек, Конституциявий суд, Олий суд ҳамда Олий хўжалик суди таркибига ҳам ўзгартиришлар киритилди.

Мамлакатдаги расмий нашрларда бу ўзгартиришлар ҳақида ҳам бирор луқма изоҳ ёки мулоҳаза топилмайди.

Собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг таъкидлашича, ҳукумат ўз сиёсий мақсадларига мос равишда кадрларни ҳам алмаштирилиши кутилган ҳолдир. Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон сиёсатида юз берган ўзгаришларни ҳаётга тадбиқ этиш учун президент Ислом Каримов янги элчиларни тайинлаган. Улардан, асосан, ҳозирги сиёсий йўналишга мос сиёсатни амалга ошириш талаб этилади.

Узоқ йиллар давомида Россияда элчи бўлган, ташқи ишлар вазири ўринбосари лавозимида мамлакат ташқи сиёсати учун анчагина хизмат қилган Шоқосим Шоисломовнинг Тожикистонга элчи этиб тайинланиши ёки Францияга элчи қилиб жўнатилганига ҳали унча кўп бўлмаган Ҳамидулла Кароматовнинг лавозимидан озод этилиши навбатдаги кадрлар ўзгаришининг ўзига хос жиҳатларидир.

Ҳукуматнинг юқори органларида ишлаб келаётган сиёсий фигураларни нисбатан яхши биладиган журналист Шароф Убайдуллаев кадрлар алмашинувининг эндиги жараёнида айнан шу жиҳатга эътиборни қаратар экан, Ш.Шоқосимовнинг Россия ва Ўзбекистон муносабатларида ҳукуматга яхшигина меҳнати сингганини таъкидлади.

“Ш.Шоисломов ташқи ишлар вазири лавозимида ишлаб келаётган эди. Ташқи ишлар вазирлигига Содиқ Сафоевдан кейин Элёр Ғаниев раҳбар бўлиб келгач, дипломатик корпусда ҳам ўзгаришлар давом этяпти”, - деди Ш.Убайдуллаев.

Унинг қўшимча қилишича, бунақа ўзгартиришлар, курсисига яхшигина ўрнашган ва ҳатто узоқ йиллар давомида шу ҳукуматга хизмат сингган амалдорларнинг кутилмаганда лавозимидан озод этилиши ҳоллари яна давом этади. Лўнда айтганда, куни-кеча юз берган янги ўзгаришлар ҳали ҳаммаси эмас.
XS
SM
MD
LG