Линклар

Ўзбекистонни кўпроқ Қозоғистон қизиқтирадими ёки Венесуэла?

  • Садриддин Ашур

Қозоғистонда 4 декабрь куни бўлиб ўтган президент сайлови унинг шундоққина ён қўшниси бўлмиш Ўзбекистон учун қизиғи бўлмади, шекилли, ўзбек телеканаллари бу воқеани эътиборсиз қолдирди.

5 декабрь куни Қозоғистонда сайлов якунлари эълон қилингандан сўнг на “Ахборот”, на “Давр” янгиликлар дастурлари бу ҳақда лом-мим демади. Ҳолбуки, шу кунги кечқурунги дастурларда Венесуэладаги сайлов ҳақида лавҳа намойиш этилди.

Хўш, ўзбекистонликлар Қозоғистондаги президент сайлови ҳақида қанчалик билди?

Баъзи суҳбатдошлар бу воқеадан бехабар эканини айтган бўлса-да, кўпчилик сайлов ҳақида Интернетдан ва халқаро ОАВдан хабар топганини таъкидлади.

“Баъзи газеталаримизда (Қозоғистондаги сайлов ҳақида) майда-чуйда хабарлар берилди. Лекин телевидениедан ҳеч нарса эшитмадим. Радио орқали ҳам қисқа хабар айтилди”, - дейди суҳбатдошлар.

Улар ён қўшни бўлмиш Қозоғистондаги ўта муҳим воқеага Ўзбекистон телевидениеси янгиликлар дастурларидан жой топилмаганини “эп кўрмаган бўлса керак”, дея оддийгина изоҳлаб қўя қолди.

Тошкентлик Садриддин Ғиёсиддин ўғли эса бунинг сабабларини қуйидагича изоҳлади: “Қозоғистондаги сайловда мухолифатдаги партиялар ҳам қатнашди. Ўзбекистонда эса бундай ҳолат анча оғриқли қабул қилинади. Халқнинг кўзини очмаслик мақсадида бу сайлов ҳақида ҳеч нарса дейилмаган бўлиши мумкин”.

5 декабрь куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида сайлов натижалари юзасидан матбуот анжумани ўтказилди. Бу ерга Ўзбекистон телевидениеси журналистлари ҳам бор эди. Улар ҳатто элчидан интервью ҳам олди.

Унда нега Ўзбекистон телевидениесида бу мавзу четлаб ўтилди?

“Ёшлар” телеканалининг “Давр” ахборот дастури раҳбари Хайрулла Нуриддиновнинг билдиришича, техник сабабларга кўра, Қозоғистон ҳақида ахборотларни узатишнинг иложи бўлмаган.

“Ёзиб олишнинг имконияти бўлмади, тасвир йўқлиги учун оғзаки ахборот беришга кўзимиз қиймади”, - деди Х.Нуриддинов.

Венесуэладаги сайловни бера олган телевидениенинг Қозоғистондаги сайловлар ҳақида лавҳа тайёрлашга техник имкониятлари бўлмаганини қаранг!?
XS
SM
MD
LG