Линклар

logo-print

Коммунал тўловларни ундиришдаги ўзбекча ноу-хоу


Феруза Ўзбекистонда давлат идораларида ишлайдиган ходимлардан коммунал тўловлардан йил охиригача қарзи йўқлиги ҳақида тегишли ташкилотлардан маълумотнома олиб келиш талаб қилиняпти.

Акс ҳолда уларга иш ҳақи умуман берилмаяпти ёки коммунал тўловлар маош ҳисобидан мажбуран ушлаб қолиняпти.

Бу ҳолат Ўзбекистон ҳукумати коммунал тўловлардан қарздорлик муаммосини ечишга ўзига хос йўл билан жиддий киришганини кўрсатади. Зеро, оддий фуқаролар орасида коммунал тўловлардан юз минглаб сўм қарздор бўлганлар борки, уларнинг бу қарзни тўлашга хоҳиши эмас, имконияти йўқ.

“Иссиқ ва совуқ сув, газ, эксплуатация хизмати, электр энергияси ва уй-жой мулкдорлар ширкатидан қарзи йўқлиги ҳақида маълумотномалар сўраляпти. Бешта шундай ҳужжатни директоримизга беряпмиз, у эса туман халқ таълими бўлимидан тасдиқлатиб келяпти. Бу ҳақда юқоридан буйруқ келган”, - дейди Тошкентдаги мактаблардан бирининг ўқитувчиси Сабрина Насимова.

Нафақахўр Шамсиддин отанинг айтишича, бу буйруқдан ўзи шундоқ ҳам қийналаётган халққа қўшимча ташвиш ва муаммолар келиб чиқяпти. Масалан, ўқитувчилар маълумотнома олиш учун дарсни ташлаб кетяпти. Ҳолбуки, қарзларни бундай йўл билан ундириш ҳеч қайси қонунга мос эмас. Қарзни суд орқали ундириш лозим.

Тошкент шаҳри ҳокимлиги матбуот хизмати вакиласи Шаҳноза Қудратхўжаев ойликдан коммунал хизматлар учун мажбурий ундириш ҳақида ҳеч қандай расмий ҳужжат йўқлигини билдирди.

“Халқнинг қанчалик қарздорлигини текшириш мақсадида маълумотнома олиб келиш жорий этилган. Ундан мақсад тўловларни тартибга солишдир. Лекин ҳеч ким мажбурланаётгани йўқ”, - деди Ш.Қудратхўжаева.

У коммунал тўловлардан қарзини уза олмаётган фуқароларнинг ойлик маоши берилмаётгани ёхуд улар турли йўллар билан қўрқитилаётганини жойлардаги мансабдорларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилаётгани билан изоҳланади.

Бироқ фуқаролар қарзи қанчалиги тўғрисида эмас, балки қарзи йўқлиги ҳақида маълумотнома сўралаётганини таъкидламоқда.
XS
SM
MD
LG