Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:48

М.Жўраевнинг қамоқхонадан йўқолиб қолиши яхшиликка эмасми?


Шайбон “Эрк” демократик партияси вакили, айни пайтда жазо муддатини ўтаётган Мурод Жўраев номаълум сабабларга кўра ўзи сақланаётган қамоқхонадан олиб кетилди.

Бу ҳақда унинг рафиқаси Холбека Жўраева маълум қилди. Унинг айтишича, эрининг ҳозир қаерда экани, нима учун олиб кетилгани ҳали ҳам номаълум.

Х.Жўраева бу ҳолатдан қаттиқ хавотирланаётганини билдирар экан: “Амнистия бошланишидан аввал эримнинг қамоқхона тартибини бузишда айбланиб, изоляторга тиқилишини кутиб тургандим. Чунки ҳар амнистияда бирор баҳона топиб, шундай қилишади. Лекин бу сафар қаергадир олиб кетилибди”, деди.

Х.Жўраева эрининг жазо муддати тугашига 8 ой қолгани учун унинг амнистияга тушиши имконияти пайдо бўлгани, бунга йўл қўймаслик мақсадида унга яна қанақадир айб қўйишга уриниш бўлаётганини тахмин қилди.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг Х.Жўраеванинг хавотирида жон борлигини таъкидлади.

“Биз М.Жўраевнинг йўқолиб қолишини яхшиликка, деб ўйлаётганимиз йўқ. Чунки ўша ердан ҳам йўқолиб кетаётганлар бор”, - деди О.Орипов.

О.Ориповнинг маълум қилишича, яна бир маҳбус, таниқли ёзувчи Мамадали Маҳмудовнинг бир неча йиллик меҳнати маҳсули бўлмиш “Муқанна тарихи” асарининг қўлёзмаси қамоқхона ходимлари томонидан олиб қўйилган. Бундан изтиробга тушган ёзувчи қўлёзмани қайтаришга ёрдам сўраб, Жазони ижро этиш бош бошқармаси раҳбариятига мурожаат қилган. Лекин унга жавоб қайтарилмаётир.

Эслатиб ўтамиз, М.Жўраев 1995 йилда Жиноят кодексининг бир неча моддаси, жумладан, конституциявий тузумга қарши чиқишда айбланиб озодликдан маҳрум этилган. Ёзувчи М.Маҳмудов эса 1999 йил 19 февралда тўсатдан ғойиб бўлиб қолган, кейинчалик эса ўша йилнинг 16 февралидаги Тошкент портлашларига алоқадорликда айбланиб, судланувчилар курсисида пайдо бўлганди.
XS
SM
MD
LG