Линклар

Фикрат Оқчура Ўзбекистоннинг қаттиқ танқид қилинишига қўшилмайди

  • Барно Анвар

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида БМТ Тараққиёт дастурининг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Фикрат Оқчуранинг Туркияда чоп этиладиган “Заман” газетасига берган интервьюси эълон қилинди.

“Турғут Ўзалдан кейин Туркия Марказий Осиёга етарлича эътибор бермаётир” сарлавҳали мазкур мақоладан иқтибос: “БМТ Тараққиёт дастури ваколатхонаси раҳбарининг маълум қилишича, Андижон воқеалари пайтида у Ўзбекистонда бўлган ва бу фожеа тўғрисида хорижий манбаларда ўзи ўқиган хабар ва шарҳлар унинг шахсий таассуротига асло мос келмайди. Унинг баён этишича, бу воқеалар Ғарбдаги айрим доиралар ва нашрлар томонидан кўпиртириб юборилган. Фикрат Оқчуранинг таъкидлашича, Ўзбекистонни бу даражада қаттиқ танқид қилиши ноўрин. БМТ Тараққиёт дастури Ўзбекистондаги иқтисодий ва демократик ислоҳотларни қўллаб-қувватлайверади”.

Хўш, бу гаплар Ф.Оқчуранинг шахсий фикрими ёхуд БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси позицияси?

Юқоридаги мақола муаллифи, Туркиядаги “Жаҳон” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Атиф Ала “Озодлик” мухбири билан суҳбатда мазкур саволга аниқ жавоб бера олмади.

Унинг айтишича, Ф.Оқчура журналистларга интервью бериш чоғида бир оз эҳтиросга берилган ва кўпроқ ўз шахсий фикрини билдирган ўринлари ҳам бўлган.

Юқоридаги саволга Ф.Оқчуранинг ўзидан ҳам жавоб олишнинг имкони бўлмади. БМТ тараққиёт дастури ваколатхонаси вакиласи Нигина Бойқобулова бу саволга фақат келаётган дам олиш кунларидан кейингина жавоб олиш мумкинлигини айтиш билан чекланди.
XS
SM
MD
LG