Линклар

Ўзбекистонда “ҳомийлик ҳаракати”га старт бериладиган бўлди

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон Конституциясининг 13 йиллиги муносабати билан Тошкентда ўтказилган йиғилишда президент Ислом Каримов 2006 йилни мамлакатда “Ҳомийлар ва шифокорлар йили” деб эълон қилди.

И.Каримов ўз нутқида Ўзбекистон Конституциясининг “ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам экани, миллий қадриятлар ва умуминсоний талабларга ҳар томонлама мос келишига такрор ва такрор ишонч қабул қилингани”ни таъкидлади.

Президентнинг айтишича, ўтаётган Сиҳат ва саломатлик йилида фуқароларга тиббий хизмат кўрсатишда бир қанча муваффақиятларга эришилган. Жумладан, 38 та шифохона ва сиҳатгоҳ янгидан барпо этилган, тўлиқ капитал таъмирланган. 93 та даволаш-профилактика муассасаси замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган.

И.Каримов Сиҳат ва саломатлик йилидаги ишларни ривожлантириш ва бу соҳага беғараз ёрдам берувчиларни жалб этиш мақсадида 2006 йилни “Ҳомийлар ва шифокорлар йили” деб эълон қилиш таклифини билдирди.

“Биз (бундан) биринчи галда, ҳомийлик ҳаракати, ҳомийларнинг мавқеи ва мақомини кучайтириш, масаланинг қонуний базасини яратишни, бундай олижаноб, беғараз интилишлар жамиятимизда муносиб ўрин олиши учун кенг жамоатчилик фикрини шакллантиришни кўзда тутамиз”, - деди Ўзбекистон раҳбари.

Президент ҳомийлар бундай ишларни “ўз ҳаётининг бир қисми” сифатида ҳис қилиши учун давлат томонидан ҳуқуқий кафолат ва имтиёзлар яратилиши, жумладан, ҳомийлик қилувчи ташкилотларга солиқларни имтиёзли тўлаш имконияти берилишини билдирди.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдуллаевнинг сўзларига кўра, ўзбек халқига фойдали ва манфаатли иш қилиш учун йилларни турли номлар билан аташнинг мутлақо кераги йўқ.

“Ҳомий даражасига эришган бирорта ўзбекнинг ўзи борми? Ҳомий бўламан, деб кўксига урадиган бирортаси чиқдими? Сиҳат-саломатлик йилида Ўзбекистонда бу борада кўзга кўринарли бирорта иш қилинмади. Бу йилки ҳеч иш қилинмади, кейинги йилда шифокорлар нима қилиб беришини ҳеч тушунмаяпман. Халқ оми бўлиб қолди, деб ҳар нарсани қабул қилиб юборавериш керак эмас-ку”, - деди профессор.

Зиёли Бахтиёр Исабеков Сиҳат-саломатлик йили ортидан Ҳомий ва шифокорлар йили эълон қилинишини мантиқсизлик, деб атади.

Унинг таъкидлашича, ҳар бир йилга ном топаман деб шундай мантиқсизларга йўл қўйилмоқда. Қолаверса, янги номдаги йилда белгиланган мақсадлар амалга ошиши ҳам мавҳум. Зеро, халқнинг оғриқ нуқтасига малҳам қўя оладиган бойлар ҳали пайдо бўлгани йўқ.

“Чунки биздаги бойлар кўпроқ ўғри бойлар”, - деди Б.Исабеков.
XS
SM
MD
LG