Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 15:15

Йўқолганларнинг қариндошлари Кофи Аннандан ёрдам сўради


Жанубий Қозоғистоннинг Чимкент шаҳрида бедарак йўқолган ўзбекистонлик диндорларнинг қариндошлари ёрдам сўраб халқаро жамоатчиликка, жумладан, БМТ бош котиби Кофи Аннанга мурожаат қилди.

Ўзбекистонлик 12 аёлнинг имзоси қўйилган ушбу мурожаатнома ЕИ, ЕХҲТ, АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия, Канада ва бошқа кўплаб мамлакатлар ҳамда халқаро ташкилотларга йўлланган. Улар 24 ва 27 ноябрь кунлари Чимкентда ҳибсга олиниб, тақдири ҳалигача номаълум бўлиб қолаётган қариндошларини топишда ёрдам сўраган.

Инсон ҳуқуқлари халқаро ташкилотининг Жанубий Қозоғистон бўлими раҳбари Резеда Глушенконинг сўзларига кўра, аёллар ўз яқинлари “қийноқлар ва ўлим жазоси қўлланиши мумкин бўлган Ўзбекистонга экстрадиция қилинишига йўл қўймасликни ҳам сўраган.

Мурожаатнома муаллифлари йўқолган қариндошларининг айби исботланадиган бўлса, улар Қозоғистон қонунлари бўйича суд қилинишини илтимос қилган.

“Айрим ҳуқуқ-тартибот органларининг бедарак йўқолганларнинг қариндошларига норасмий равишда билдиришича, уларнинг яқинлари Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати томонидан ўғирланган. Аёллар ўз мурожаатида МХХнинг Қозоғистон ҳудудидаги бундай ҳаракатига нисбатан чора кўрилишини сўраган”, - деди Р.Глушенко.

Мурожаатнома сўнггида халқаро жамоатчиликдан ўзбек қочқинларини ҳимоя этиш илтимос қилинган.

Илгари Чимкент шаҳрида йўқолган ўзбекистонлик диндорлар сони 11 нафар экани хабар қилинган эди. Р.Глушенко улардан икки нафари топилганини маълум қилди. Яъни Фарҳод Исломов ва Эркин Шермуродов ҳибсга олиш чоғида қочиб яширинишга улгурган.

Қолган 9 диндорнинг тақдирига Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳам аниқлик киритмаяпти. МХҚнинг Жанубий Қозоғистон департаменти ходимлари бу идоранинг бедарак йўқолганларга ҳеч қандай алоқаси йўқлигини қайта-қайта такрорламоқда.

Маълумотлар кўра, бедарак йўқолганларнинг аксарияти диний экстремизмга алоқадорликда айбланмоқда. Улар орасида Андижон воқеаларига алоқадорликда гумон қилинаётганлари ҳам борлиги айтиляпти.
XS
SM
MD
LG