Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:00

Қўлинг ўлгурсин Конституция-ю...


Лобар Ўзбекистон Конституциясининг 39-моддасида ҳар ким қариганда, меҳнат лаёқатини йўқотганда, шунингдек, боқувчисидан маҳрум бўлганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот олиш ҳуқуқига эгалиги белгилаган.

Бироқ Гулистон шаҳрилик айрим кишилар бу ҳуқуқдан фойдаланиш имкониятлари чекланганини айтмоқда.

“Ижтимоий таъминотнинг етишишнинг ўзи бир азоб. Ҳужжатинг чатоқ экан дейди, пул таъма қилади. Битта нафақа олиш учун ўлиб-тирилиш керак. Нафақа пули ойлаб кечикиб берилади”, - дейди кишилар.

Конституциянинг 39-моддасида “пенсиялар, нафақалар, ижтимоий ёрдам бошқа турларининг миқдори расман белгилаб қўйилган тирикчилик учун зарур энг кам миқдордан оз бўлиши мумкин эмас”лиги айтилади.

Одамларга бу моддани эслатиб, маъносини тушунтирсангиз, фиғони фалакка чиқади.

“23 минг сўм пенсия оламан. Бу гўрга етармиди? Етмайди. Болалар ишламаса, чол-кампирнинг пенсиясига яшаймиз. Ҳар пенсия келганда бир кило гўшт оламиз. Бошқа пайтда гўшт емаймиз”, - дейди бир онахон.

“47 йил стаж билан пенсияга чиққанман. Далада ишлаганман. Лекин пенсия жуда кам. Шунга ҳам ютуқ чиқмайдиган лотерея қўшиб беради”, - дейди яна бир кампир.

Бир отахон эса кам пенсиядан ҳам коммунал тўловлар учун олиб қолинаётганини билдирди.

Суҳбатдошларнинг айтишича, ижтимоий ҳимоя учун нафақа оладиганлар, айниқса, қақшайди. 10-15 минг сўм нафақа оладиган бу кишилардан нақ 2 минг сўмдан лотереяга олиб қолинади. Қолгани ҳам газ, электр, сув пули тўлангани ҳақида маълумотнома топширилсагина берилади.
XS
SM
MD
LG