Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:59

Суд мустақиллиги - ушалмаётган орзулардан бири


Саида Ўзбекистонда судлар мустақилми, деган саволга “Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган кишиларнинг анчагина қисми иккиланиб жавоб берди ёки индамасликни маъқул кўрди.

Бироқ “қачон мустақил бўлгандики, энди бўлса”, деб жавоб қайтарганлар ҳам топилди.

Судлар баъзан шароитга қараб мустақил қарор ҳам чиқариб туришини киноя билан айтган суҳбатдошлар ҳам бўлди.

“Ҳозир қонун ҳам пулга қараб қолган. Айбдорлар пул бериб, оқланиб чиқяпти. Айбсизлар эса пули бўлмаса, қамалиб кетяпти”, - дейди суҳбатдош аёллардан бири.

Ўзбекистонда судлар мустақиллиги ҳақида ҳали гапиришга ҳам эрталигини қатъий таъкидлаган суҳбатдошлар бунинг сабаби сифатида коррупция ва таниш-билишчиликни келтириб ўтди.

Ҳолбуки, Ўзбекистон Конституциясининг 106-моддасида “суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритиши” белгилаб қўйилган.

Респондентлардан бирининг таъкидлашича, Европа мамлакатларидаги каби суд мустақиллигига эришиш учун бир неча ўн йиллар талаб қилинади. Лекин Ўзбекистон ҳали демократия шабадаси ҳам кузатилмаётган мамлакат ҳисобланади.

“Улар (судлар) қандай қилиб мустақил бўла олсин? Судьяларнинг ҳаммаси ҳуқуқ-тартибот органларига боғлиқ одамлар-ку! Шунинг учун улар ўз тиргакларига қарши қарор чиқара олмайди”, - деди суҳбатдош.

Адвокат Гулнора Эшонхонова касби нуқтаи назаридан бундай муаммоларга дуч келиб туришини билдирди. Унинг сўзларига кўра, судьяларнинг кам ойлик олиши, лавозимига умрбод сайланмаслиги уларнинг ижроия ҳокимиятга, улар ишлаётган ҳудуддаги маҳаллий ҳокимликларга тобеъ бўлишга олиб келади.

“Қолаверса, ҳукм чиқаришда назорат органлари, хусусан, прокуратурадан қўрқиши, прокуратуранинг чиқарилган ҳукм юмшоқлигидан шикоят қилиши, айрим ҳолларда судьяларнинг жавобгарликка тортилиши мумкинлиги уларнинг мустақиллигини таъминламайди. Аксинча, судларни назорат органига қарам қилиб қўяди. Шунинг учун улар мустақил бўла олмайди”, - деди адвокат.
XS
SM
MD
LG