Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:22

Чегара ёпилаверади, одамлар ўтаверади


Шу кунларда Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасидаги Қорасув постидан қўшни давлатга ўтиш карантин эълон қилингани баҳонасида ёпиб қўйилган. Шунга қарамай, чегарадан ноқонуний ўтаётганлар кўп.

Ўзбекистонликларнинг қўшни давлатларга ўтиши ҳамиша бетўхтов, дейиш мумкин. Хусусан, ўтаётган 2005 йил давомида Ўзбекистон ҳукумати айрим қўшни давлатлар билан чегарани бир неча бор бир томонлама ёпди, очди, яна ёпди, лекин аҳоли қатнови тўхтагани йўқ.

Хизмат сафари ёки қариндош-уруғини кўргани қўшни давлатларга кетаётганлар ҳам топилади. Аммо йўлга чиққанларнинг аксар қисми, асосан, бозор-учар қилиш ёки тадбиркорлик орқасидан бир-икки сўм топиш учун чегара кесади.

“Пул ишлаш учун фақат мардикорлик қилиш қолган. Шунинг учун қўшни давлатларга борамиз. Битта ўғлим Қирғизистонда нон ёпяпти”, - дейди суҳбатдошлардан бири.

Бироқ азбаройи тирикчилик мақсади билан чегара ошаётган оддий аҳолининг ўтиб-қайтиши осон бўлмайди. Мисол учун, Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасида виза тартиби жорий этилган. Фақат чегарадош 4 та туман аҳолиси 72 соатлик муддатга визасиз қўшни давлатга ўтиши мумкин. Қирғизистоннинг биргина Қорасувига бориб, бозор қиламан, дегувчилар эса бу туманлардан ташқарига ҳам сероб.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидаги Қорасув пости карантин важидан ёпилган бўлса-да, одамларнинг ўтиб-қайтиши тўхтагани йўқ. Бироқ бу ўтишлар ноқонуний бўлгани боис, оддий кишилар ҳар икки томонда ҳам ҳимоясиз.

“Эркакларимиз бозорга борса, аскарлар ушлаб, пул талаб қилади. Сен ваҳҳобийга ўхшар экансан, деб пул бермаганга қўймайди”, - дейди Ўзбекистоннинг чегара туманида яшовчи аёл.

Айни манзарани Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ҳам кузатиш мумкин.

“Қозоқнинг аскарлари, омончиларининг қўлига тушсангиз, молингизни талаб олади. Пул ҳам бермасангиз қутулмаймиз. Бориб-келишга мингта тўсиқ бор. Лекин мажбурмиз боришга. Тирикчилик қилиб, бола-чақани боқиш керак”, - дейди Қозоғистоннинг Сапар бозоридан мол олиб келадиган савдогар аёл.

Суҳбатдошларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон аҳолиси қўшни давлатларга ўтишга барибир маҳкум. Кимнингдир қариндош-уруғи бор, кимдир савдо-сотиқ, кимдир бозор-ўчар учун ўтади. Бу алоқалар доимо бор бўлган, бундан кейин ҳам чегара неча бор ёпилиб-очилмасин, барибир тўхтамайди.

Андижонлик ўқитувчи аёлнинг сўзларига кўра, чегарадан ўтишдаги сунъий тўсиқлардан кимлардир манфаатдор бўляпти.
XS
SM
MD
LG