Линклар

logo-print

Қозоқнинг уни нега ўзбекникидан сифатлироқ?


Лобар Ерлари бир-бирига туташиб кетган икки давлат – Ўзбекистон ва Қозоғистонда ишлаб чиқарилаётган уннинг сифати бир-биридан бутунлай фарқ қилади. Буни истеъмолчилар ҳам тасдиқлайди.

Сирдарё вилоятида ун ишлаб чиқарувчи иккита - “Оқолтиндон” ва “Ховосдон” комбинатлари бор. Бироқ аҳолининг кўпчилиги бу комбинатлар чиқарган унни эмас, қиммат бўлса-да, Қозоғистон унини харид қилади.

“Қозоғистоннинг унини 18-19 минг сўмдан олиб ишлатамиз. Ўзимизники 11 минг сўм. Лекин бу ундан ёпилган нон сифатли чиқмайди. Қозоғистонникига аралаштирсак ҳам оқиб кетади. Ўзимизникини пишириққа ҳам, хамир овқатларга ҳам ишлатиб бўлмайди”, - дейди гулистонликлар.

Нон ва ун маҳсулотлари билан савдо қиладиган бу кишиларнинг айтишича, Қозоғистоннинг уни қанчалик сифатли бўлмасин, уни олиб ишлатишга ҳамманинг ҳам қурби етмайди.

Сирдарёда ишлаб чиқарилган уннинг Қозоғистон унидан қандай фарқи бор?

“Оқолтиндон” акциядорлик жамияти раиси Маннонқул Тўрақуловнинг тушунтиришича, ун ишлаб чиқариш технологияси бир хил бўлса-да, қўшни Қозоғистон унининг сифатли чиқиши, аввало, иқлим шароитига боғлиқ. 15 майдан 10 июнгача буғдой пишиш даври ҳисобланади. Шу даврда буғдой яхши етилиши учун ҳаво ҳарорати 25 даражадан ошмаслиги керак. Ўзбекистонда эса бу даврга ҳарорат 35, ҳатто 40 даражагача кўтарилиб кетади. Натижада буғдойнинг мағзи пишмай, сиртидаги қобиғи пишиб кетади. Бундан ташқари, фермерлар режани олдинроқ бажариш учун ҳосилни пишмасдан йиғиштириб олиши ҳам ун сифатига салбий таъсир қилади.

Фермерлардан бири эса “Озодлик” мухбири билан суҳбатда техника етишмаслиги сабабли буғдойни кўпинча пишмасдан эмас, пишиб ўтиб кетгандан кейин ўриб олаётганини билдирди.

Унинг сўзларига кўра, бунинг натижасида далани бегона ўт босиб, ҳосилдорлик 10-20 фоизгача пасайиб кетяпти. Ҳосил ҳам 5-сортга қабул қилинмоқда. Бундан эса фермерлар катта зарар кўряпти.
XS
SM
MD
LG