Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:27

Мардикорнинг кўнглига байрам сиғадими!


8 декабрда Ўзбекистонда Конституция куни нишонлади. Лекин Тошкентнинг айрим жойларида тўп-тўп бўлиб турган бир тоифанинг кўнглига байрам сиғмади. Улар мамлакатнинг турли вилоятларидан келган мардикорлар эди.

Тошкентда бир неча мардикор бозорлари бор. Бу ерда эркак ва аёл, бола ва қария мардикорлар учрайди. Гарчи Конституция уларнинг меҳнат қилиш ва дам олиш ҳуқуқини белгилаб берган бўлса-да, улар байрам куни ҳам ишлашга мажбурлар. Чунки уларни қишлоқларда қолган фарзандлари кутмоқда.

8 декабрь куни ҳам ҳаво жуда совуқ, майдалаб ёмғир ёғаётганига қарамай, улар яна тирикчиликка чиқди.

“Байрамни кўчага чиқиб, тирикчилик қилиб кутиб оляпмиз. Бошқа иложимиз йўқ. Бола-чақамизни, оиламизни боқишга қурбимиз етмаганидан шу ерга келиб ишлаяпмиз”, - дейди мардикор йигитлар.

“Совқотяпмиз. Лекин бола-чақани боқиш керак. Биз ишламай, байрам қилсак, бола-чақани ким боқади”, - дейди бошқалари.

Мардикор йигитлардан бирининг айтишича, кунига 3 минг сўм атрофида пул топади. Унинг ҳам бир қисмини еб-ичишга, бир қисмини ижара ҳақига тўлайди. Ойида бир марта уйига 30-40 минг сўм олиб боради.

“Ўзбекистонда иш йўқ, завод-фабрикалар ишламайди. Ҳамма ночор, камбағал. Мустақиллик дейди, қани мустақиллигимиз! 12 ёшдан 60-70 ёшгача одамлар мардикор”, - дейди йигит.

Мардикорларнинг сўзларига кўра, улар ўз меҳнати билан топган озгина пулини ҳам милиция ходимлари олиб қўяди. Қишлоқларда эса ҳаёт кечириш жуда оғирлашган. Ширкатлар ўрнига фермер хўжаликлари ташкил этилиб, ерлар пули бор одамларга бўлиб бериляпти. Оқибатда минглаб кишилар ишсиз қолмоқда. Ҳозир улар фақат озиқ-овқат учун пул топиш мақсадида Тошкентга оқиб келяпти. Тоғни урса талқон қиладиган йигитлар қандай иш бўлса-да, қилишга тайёр!
XS
SM
MD
LG