Линклар

Сайрамдаги ўзбек театри томошабинни кулдиради


Жанубий Қозоғистонда ўзбек театрини ташкил этиш осон кечгани йўқ. Турли қоғозбозликлардан ташқари дастлабки икки йил давомида режиссёр ва актёрлар ойлик олмасдан текинга ишлашига ҳам тўғри келган.

Ярим миллионга яқин ўзбек яшайдиган Жанубий Қозоғистонда ўзбек театри учун зарурат бор эди. Бироқ вилоят маркази Чимкент шаҳрида театр учун бирорта ҳам бино топилмади. Кейин Сайрам қишлоғидаги маданият уйи биноси ўзбек театрига берилди. Бинони қайта таъмирлаш учун Қозоғистон ҳукумати 33 миллион танга ажратди.

Театрнинг очилиш маросимига Ўзбекистондан ҳам нуфузли меҳмонлар таклиф қилинди. Бироқ кутилган меҳмонлар қозоғистонлик ўзбекларнинг қувончига шерик бўлишни хоҳламадими, маросимга келмади. Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев эса театрнинг очилиш маросимида шахсан иштирок этди. Маҳаллий ўзбеклар бу ташрифни ҳали ҳам фахр билан эсга олади.

Шундан буён орадан уч йил ўтди. Ўзбек театри жамоаси 11 та спектаклни саҳналаштиришга улгурди. Уларнинг кўпчилиги комедия жанрида.

“Ҳозир одамларнинг ташвиши ўзига етарли. Шунинг учун улар театрга келганда дам олиб, кулиб кетишни истайди”, - дейди театр актёри Бекзод Ғойибов.

Театр директори Зокиржон Мўминжоновнинг билдиришича, театрда томошабинлар муаммоси мавжуд. Чунки Сайрам қишлоқ ҳисобланади. Қишлоқ шароитида театрни тушунадиган томошабинлар кам. Томошабин кам келганда спектакль қолдирилган кунлар ҳам бўлган.

Сайрамлик Саидкарим Маҳмудов Тошкентдаги санъат институтининг актёрлик бўлимини тугатгач, Жанубий Қозоғистонда ўзбек театрида роль ижро этишни 30 йил кутди. Айни пайтда у театрнинг етакчи актёрларидан.

Бош режиссёр Ҳамиджон Қулабдуллаевнинг айтишича, театрда фаолият кўрсатаётган 20 актёрнинг фақат 7 таси актёрлик дипломига эга.

Ўзбек театри ходимлари 30-35 минг танга маош олади. Бу ўзбекистонлик театр ходимларининг ойлигига нисбатан икки-уч баробар кўп. Балки шунинг учунми, ўзбекистонлик театр режиссёрлари орасида Қозоғистонга келиб ишлашни хоҳловчилар анчагина. Ўтган 3 йил давомида ўзбекистонлик бир неча режиссёр Сайрамга келиб, спектакль саҳналаштирган.
XS
SM
MD
LG