Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:21

Дангалчи хонимнинг деганлари ёки …бойнинг боласи гапирсин


“Олмадан олма, шафтолидан шафтоли, ўрикдан ўрик бўлади. Олма олма туғади, асло шафтоли эмас”. Бу файласуфона гапни бир танишим гузардаги емакхонада кайфи тароқ бўлганида айтишни яхши кўради.

“Олмадан олма, шафтолидан шафтоли...”. Бу шу қадар ойдин ҳақиқат-ки, уни қабул қилмасликнинг иложи йўқ.

Фақат жамият турмушини ҳам мана шу андоза бўйича қуришга ҳаракат қила бошлаганларида киши кўнглида қандайдир бир норозилик пайдо бўлади. Чунки одам олма, жамият олмазор эмас.

Жамият ҳаёти бошқа, одамча қонунлар, одамий қонунлар асосида қурилиши лозим.

Шоҳнинг гадога айланганига, гадонинг шоҳ бўлганига одамзод тарихида кўплаб мисоллар бор.

Демак, кишилик жамиятида “олмадан шафтоли бўлиши, шафтоли олма туғиши” мумкин.

Бу гаплар Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг қизи, Қозоғистондаги “Асар” партияси лидери Дариға Назарбоеванинг 6 декабрь куни ирод этган нутқини эшитгач кўнгилга келди.

Остонада ўтказилган матбуот анжуманида қитмирроқ журналистлардан бири бойвучча хонимга “келаси президентлик сайловига ўз номзодингизни қўясизми”, деган маънода савол берди.

Дариға Назарбоеванинг жавоби бундай бўлди:

- Раҳмат, мен ҳозирча узоқ келажакка назар ташлаётганим йўқ. Қолаверса, амалдаги президент соғ бўлсин. Энг аввало, ўз олдимизга қўйган вазифаларни бажаришимиз лозим.

Жавобнинг замиридаги маънони уқишга ҳаракат қилинг: Дариға хоним “йўқ”, демаяптилар.

Президентнинг қизи рутбасидаги бу аёлнинг ўзини тутишидан, у ёки бу масалада билдирган фикрларидан ўзини президентдан кам сезмаётганлиги шундоқ билиниб турарди.

Шунинг учун балки саволни бошқачароқ бериш керакмиди? Масалан, мана бундай: “Сиз аъзоси бўлган оила кейинги сайловгаям ўз номзодини қўядими?”

Лекин аслида Назарбоевлар оиласи номзодини қўядими, йўқми, бунинг ҳеч қандай аҳамияти йўқ. Чунки, Дариға Назарбоеванинг айтишича, “кейинги президентнинг ким бўлишини амалдаги президент аниқлайди”.

Ҳа, Халқ эмас, Президент аниқлайди!

Рост-да! Нима кераги бор, гап опқочишнинг. Лўндасини айтди-қўйди.

Умуман, Дариға Назарбоева дангалчи аёл. У киши яна бундоқ деди:

- Шаклланиб қолган қараш бор. Тараққиёт йўналишлари, сиёсий тизимни замон талабларига мослаш, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш масалаларида давлат ҳокимияти ва мухолифат ўртасида мулоқот бўлиши керак.

Бундай гапни эшитгач Дариға Назарбоева мухолифатпарвар экан, дейишингиз аниқ. Шошилманг, гапнинг давоми бор:

- Мен бу фикрга мутлақо қўшилмайман. Бу мулоқот давлат ҳокимияти билан жамият ўртасида бўлиши керак.

Эътибор беринг, бу фикр аввалги гапнинг давоми сифатида айтилди. Бундан англашиляптики, давлат ҳокимияти мухолифат эмас, жамият билан мулоқот қилиши керак. Яъни мухолифат мулоқотдан чиқариб ташланяпти. Аслида мухолифат ҳам жамиятнинг бир қисми. Аммо дангалчи хоним уни балки атайиндир, ажратиб ташлаяпти.

Ана шунақа гаплар. Оғзи қийшиқ бўлсаям бойнинг боласи гапирсин. Тутуриқсиз бўлсаям, бойнинг қизи гапирсин.

Дариға Назарбоеванинг эса оғзи қийшиқ эмас. У жуда кўҳлик аёл. Олима, камига хушовоз хонанда ҳам.

Фақат у кишининг “олмадан олма, шафтолидан шафтоли, ўрикдан ўрик бўлади. Олма олма туғади, асло шафтоли эмас”, деган мастона фалсафага ишониб олгани, баёнотларидан ана ўша фалсафа анқиб тургани чатоқ.

“Олмадан олма, шафтолидан шафтоли, ўрикдан ўрик бўлади”.

Эслатиб қўяй, бу гапни менинг танишим ғирт мастлигидагина айтади. Ҳуши жойидалигида айтмайди. Ҳечам айтмайди.
XS
SM
MD
LG