Линклар

Шошилинч хабар
27 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:11

О.Орипов: “Халқнинг ўзига ахборот хуружи қилиняпти”


Шайбон Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг Конституциянинг 13 йиллигига бағишлаб ўтказилган йиғилишда қилган бир неча муҳим баёнотларига турли муносабатлар билдирилмоқда.

Хусусан, И.Каримов ўз маърузасида бу дунё “зўравонларники” бўлаётганини таъкидлади.

“Бутун дунёда мана шу уйдирмаларни (Ўзбекистон ҳақида) тарқатганлар ким бўлди? Кўряпсизлар, бу дунё зўравонларники бўляпти. Кимнинг қўлида матбуот, ахборот майдони бўлса, унга таъсир қиладиган имкониятлар бўлса, давр ўшаларники бўляпти. Биз эса заиф бўлиб турибмиз”, - деди президент.

“Эрк” партияси бош котиби Отаназар Ориповнинг айтишича, аслида Ўзбекистон ҳукуматининг ўзи зўравонлик қилиб, фуқароларини эзиб ташламоқда. Ахборот хуружи билан қўрқитилиб, аслида халқнинг ўзига ахборот хуружи қилинмоқда. Аҳоли ахборот қамалида ушлаб турилибди. Давлат идоралари бутун ОАВни ўз қўлида тутиб, сўз ва фикр эркинлигига ҳам йўл бермаяпти.

“Озод деҳқонлар” партияси марказий кенгаши аъзоси Баҳодир Намозовнинг сўзларига кўра, агар жамиятда ҳеч қандай оғриқли нуқталар, қандайдир қарама-қаршиликлар бўлмаса, унда бундай жамият ҳар қандай, жумладан, ахборот хуружига ҳам қарши тура олади. Аммо бундай муаммолар, зўравонликлар ҳар қадамда учраб турса, бундан нега жазавага тушилади? Бу камчиликлар шундай ҳам кўриниб турган бир пайтда уни ошкор қилганларни ахборот хуружида айблаш ноўриндир.

И.Каримов ўз нутқида номи аниқлаштирилмаган бўлса-да, гап маъносидан англашилиб турган бир давлатни ўз демократиясини мажбуран сингдиришга уринаётганликда айблади.

“Ўзини ҳар томонлама қудратли ҳисоблайдиган давлат ўзининг демократия моделини ҳаммага маъқул, деб таклиф қилиши, бунинг орқасидан катта куч ишлатишини калтабинлик, деб ҳисоблайман. Демократияни экспорт қилиш, уни четдан туриб жорий этишнинг ўзи демократиянинг табиатига зиддир”, - деди президент.

О.Ориповнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда демократия бўғилмоқда.

“Бўғаётганларнинг қўлини ушласа, бу экспорт бўлмайди, ахир. Президент Ўзбекистондаги қайси эркинлик ҳақида гапиряпти? Ўзбекистонда эркинлик йўқ-ку! Мамлакатда барча эркинлик ва ҳуқуқлар топталяпти, бўғиляпти. Шундай пайтда “бизга тегма, демократиянг керак эмас”, дейиш бўлмаган гап”, - деди О.Орипов.

Б.Намозовнинг сўзларига кўра, президентнинг мустақилликнинг бошларида бозор иқтисодиётига ўтиш, янги жамият, дунёвий, демократик давлат барпо этиш ҳақидаги барча ваъдалари бажарилмай қолиб кетмоқда.

“Шунинг учун унинг (президентнинг) демократияни сингдириш, тиқиштириш ҳақидаги гаплари ўзини оқлашга уринишдек туюлади”, - деди Б.Намозов.
XS
SM
MD
LG