Линклар

logo-print

“Ўйинда Ўзбекистоннинг ютқизиши ҳозирдан кафолатланган”

  • Замира Шукур

Ўзбекистон ҳукумати НАТОга аъзо мамлакатлар ва альянснинг “Тинчлик йўлида ҳамкорлик” дастурига қўшилган давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Брюсселдаги учрашувини бойкот қилди.

Ҳолбуки, бу йиғин кун тартибидаги асосий масалалардан бири айнан Марказий Осиëдаги хавфсизлик вазияти бўлди. Унда НАТОнинг Афғонистондаги келажак амалиëтлари муҳокама этилди ва мамлакатдаги НАТО қўшинлари сонини кўпайтиришга қарор қилинди.

Хўш, Ўзбекистон ҳукуматининг НАТО билан сиëсий мулоқотни узиб қўйгани, ҳарбий блокнинг Афғонистонда тинчлик ўрнатиш уринишларига таъсир кўрсатадими, уларни қай даражададир мураккаблаштирадими?

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Александр Голцнинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг бу жараёндаги ўрни қанчалик салмоқли бўлмасин, мутлақ белгиловчи эмас.

“Табиий, НАТОни Афғонистондаги ўз амалиëтларини давом эттиришда қатор қийинчиликлар кутмоқда. Улардан асосийси АҚШ қўшинлари сонининг қисқариши билан боғлиқ. Аммо Ўзбекистон ҳукуматининг Афғонистондаги НАТО амалиëтларини қўллашда қатнашиш-қатнашмаслиги бу амалиëтлар муваффақиятига умуман таъсир қилмайди”, - деди А.Голц.

Лондондаги халқаро стратегик тадқиқотлар институтининг етакчи ҳарбий таҳлилчиси Кристофер Лэнгтон россиялик таҳлилчининг фикрига қўшилди. Унинг айтишича, Марказий Осиё давлатларининг бирортаси НАТОнинг Афғонистондаги операцияларига бевосита ҳисса қўшаётгани йўқ. Шу боис, Ўзбекистоннинг Брюссел йиғинини бойкот қилиши НАТО амалиëтларига мутлақ таъсир кўрсатмайди.

К.Лэнгтон Ўзбекистоннинг НАТО йиғинини бойкот қилиши кутилган қадам бўлгани, чунки расмий Тошкент Андижон воқеаларидан кейин Ғарб билан муносабатини кескин ўзгартирганини бутун дунё кўриб турганини таъкидлади.

А.Голцнинг эътирофича, ўз сиëсий курсини Ғарбдан ўгириб, Россия ва Хитой томон буриши Ўзбекистон ташқи сиëсатини унинг янги шериклари манфаатига қарам қилиб қўйди.

“Россия ва Хитой АҚШ ва НАТО билан жуда мураккаб ўйин олиб бормоқда, Ўзбекистон эса бу ўйинда бир пиëда, холос. Албатта, Россия ва Хитой Ўзбекистон картасини ўз манфаатлари учун ўйинга солади ва АҚШ базасининг Ўзбекистондан қувилиши бунга ëрқин мисолдир. Аммо Каримов бу ўйинда мустақил юриш ҳуқуқига эга эмас”, - деди А.Голц.

Ҳар икки таҳлилчи ҳам Ислом Каримовнинг бу каби сиëсати на Ғарбнинг Марказий Осиëдаги узоқ муддатли манфаатларига ва на НАТОнинг Афғонистондаги амалиëтларига айтарлик муаммо туғдирмаслиги билдирди. Уларнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг бундай узоқни кўзламай қилинган ўйинда ютқизиши ҳозирдан кафолатланган.

К.Лэнгтоннинг таъкидлашича, Ўзбекистон ичкарисидаги вазият, шубҳасиз¸ кун сайин ëмонлашмоқда. Бунинг сабабларидан бири эса мамлакат ҳукумати танлаган ўз-ўзини ташқи дунëдан яккалаш сиëсатидир. Агар авваллари Ўзбекистон ҳукумати ўз мудофаа кучлари, чегара қўшинларини замонавийлаштириш учун НАТО ва АҚШдан молиявий ëрдам олиб келган ва айнан АҚШ Тошкентга иқтисодий кўмак ҳам бериб келган бўлса, эндиликда бундай ëрдам йўллари бекилди. Бу эса Ўзбекистондаги тараққиёт ва ислоҳотлар боши берк кўчага кирганини англатади. Ўзбекистон халқи учун ҳукуматининг бу ҳаракати оқибатлари ëмондир.
XS
SM
MD
LG