Линклар

Арон Родос: “Ўзбекистон халқи ташқи дунë улар тақдирига бефарқ эмаслигини кўрди ва англади”

  • Замира Шукур

9 декабр - Халқаро инсон ҳуқуқлари куни муносабати билан БМТ жаҳон давлатлари ҳукуматларини терроризмга қарши кураш баҳонасида инсон ҳуқуқларини ҳурматлаш ҳақидаги глобал қоидаларни унутмасликка чақирди.

БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича 33 эксперти имзо чеккан баëнотда: “Барча инсон ҳуқуқлари, хусусан, иқтисодий, ижтимоий, маданий, шунингдек, фуқаролик ва сиëсий ҳуқуқлар ҳар бир инсон боласининг туғма ҳаққи ва дунëдаги бирор ҳукумат бу ҳуқуқларни ўзига халақит берган чоғда четга суриб қўйишга ҳаққи йўқ”, дейилади.

БМТ экспертлари бундай ташвиш ортида жаҳон бўйлаб АҚШ етакчилигида бораëтган аксилтеррор уруши жараëнида инсон ҳуқуқларига ҳурматнинг иккинчи ўринга тушиб қолганини кўрсатувчи аччиқ фактлар ëтганини қайд қилади.

Хўш, ниҳоясига етаëтган 2005 йилда инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик манфаатлари ўртасидаги нисбатда бирор ўзгариш кузатилдими?

Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро Хелсинки федарацияси директори Арон Родоснинг фикрича, терроризмга қарши кураш жорий йилда ҳам аксарият ҳукуматлар диққат-марказида қолмоқда ва бу ҳамон хавфсизлик манфаатлари йўлида инсон ҳуқуқларини бузишга асос бўлмоқда. Аслида эса инсон ҳуқуқлари ва хавфсизлик ўртасида ҳеч қандай зиддият йўқ. Аксинча¸ хавфсизликка таҳдид инсон ҳуқуқлари бузилган жойда туғилади. Бу икки тушунча бир-бирини тўлдиради, қарши эмас. Бугун дунëдаги умумвазиятга қаралса, айнан инсон ҳуқуқларига ҳужумларнинг хавфсизликка таҳдид солаëтганига гувоҳ бўлинади.

Ўзини демократик қадриятлар ҳимоячиси сифатида тутадиган АҚШ ва бошқа Ғарб давлатларининг 2001 йил 11 сентябридан сўнг аскилтеррор урушида мустабид режимлар билан яқин ҳамкорлик қилаëтгани кўпдан танқидга учраб келмоқда.

Хусусан, Жорж Бушнинг Ислом Каримов билан 2001 йил охирида бошланган Афғонистондаги аксилтеррор амалиëтлари доирасидаги ҳамкорлиги ҳам маҳаллий, ҳам халқаро инсон ҳуқуқлари гуруҳлари томонидан жиддий қораланган эди. 2005 йил 13 май Андижон воқеалари бу ҳамкорликка нуқта қўйди.

“Чунки, - дейди А.Родос, - АҚШ ва Ғарб давлатлари инсон ҳуқуқларининг бу қадар қўрқинчли шаклда бузилишига ортиқ кўз юма олмади ва бу 2005 йил инсон ҳуқуқлари ҳимояси манзарасида кузатилган ижобий ўзгариш. Бу ердаги муҳим жиҳат Ўзбекистон каби мамлакатлар фуқароларига халқаро ҳамжамият улар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жиддий эканини кўрсатишдир. Агар биз бу фуқаролар ишончини йўқотсак, барча нарсани йўқотдик, дегани бўлади. Ўзбекистонга нисбатан санкция қўллаш бугун мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазиятини яхшилагани йўқ, албатта. Аммо у узоқ муддатдаги яхшиланишга пойдевордир. Зотан, Ўзбекистон халқи ташқи дунë улар тақдирига бефарқ эмаслигини кўрди ва англади”.
XS
SM
MD
LG